Ўзбекистон | 17:32 / 28.10.2020
5080
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон раислигида МДҲ соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик бўйича Кенгашининг 32-йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов раислигида ўтган йиғилишда Кенгаш аъзолари бўлмиш Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Молдова ва Арманистон давлатларининг соғлиқни сақлаш вазирлари ва соҳа мутасаддилари, шунингдек, МДҲ ижроия қўмитаси вакиллари, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари Ҳанс Клюге иштирок этди. 

Шунингдек, видеоконференцияда Ўзбекистон томонидан мамлакатимиздаги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари раҳбарлари ҳам қатнашди.

«Таъкидлаш жоизки, Кенгашнинг бу йилги барча йиғилишлари Ўзбекистон раислигида ўтмоқда. Бугунги конференцияда МДҲ давлатлари ўртасида Covid-19’га қарши кураш бўйича биргаликда ҳаракатланиш режалари, ҳамдўстлик ҳудудида санитария муҳофазаси муаммолари, МДҲ давлатларининг қандли диабет касаллиги буйича Эксперт кенгашининг фаолияти ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Кенгашнинг 32-йиғилишида ҳамдўстлик давлатларининг соғлиқни сақлаш бўйича халқаро ҳамкорлиги доирасида қатор муҳим қарорлар қабул қилинган. Жумладан: 

  • Covid-19’нинг тарқалиши олдини олиш бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқиш, касалланган беморларни даволаш ва реабилитация қилиш, илмий тажрибалар, дори воситалари ва вакциналарни яратишдаги ютуқлар бўйича ўзаро маълумот алмашиш;
  • Кенгашга 2020 йил 25 декабрга қадар МДҲ давлатларида ўткир респиратор инфекциялари ва грипп билан касалланишнинг мавсумий ўсиши ва аҳоли иммунитетининг ҳолати тўғрисида таҳлилий маълумотларни тақдим этиш;
  • МДҲ давлатларининг 2030 йилга қадар мўлжалланган иқтисодий ривожланиш стратегияси доирасида тиббиёт бўйича белгиланган дастурларни ишлаб чиқиш;
  • 2020-2024 йилларда онкологик касалликларга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик Концепциясини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш;
  • Кенгашнинг навбатдаги йиғилишида МДҲ ва Евроосиё онкология ва рентген радиологияси марказлари ҳамда институтлари директорлари ассоциацияси фаолиятини янада кенгайтириш;
  • Ноинфекцион касалликларнинг олдини олиш доирасида зарарли озиқ-овқат маҳсулотлари маркетингини чеклаш бўйича идоралараро ҳамкорлик тажрибасини кўриб чиқиш;
  • Ҳамдўстлик давлатлари соғлиқни сақлаш тизимларида АКТни кенг жорий этиш бўйича тажриба алмашиш;
  • 2021 йилда МДҲ ташкил топганининг 30 йиллиги арафасида Беларусь Республикаси ва Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 30дан ортиқ тадбирларда соғлиқни сақлаш вазирликларининг фаол иштирокини таъминлаш;
  • 2020 йил давомида Кенгашнинг Ўзбекистон раислигида ўтган фаолияти якунлари бўйича натижаларни сарҳисоб қилиш каби муҳим масалалар кун тартибида кўриб чиқилди.

Видеоконференция якунида 2021 йилги режалар кўриб чиқилиб, Кенгашнинг кейинги 33-йиғилишида муҳокама қилинадиган масалалар белгилаб олинди.

Мавзуга оид