Жаҳон | 15:56 / 28.10.2020
13285
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСни келгуси йилда қуриб битириш учун пул қидирмоқда

2008 йилдан буён ушбу станцияда объектларни қуриш учун 25,3 миллиард сомонийдан ортиқ маблағ ажратилган.

Фото: Facebook /khadamotimatbuot

Тожикистон раҳбарияти тегишли ишчи гуруҳга 2021 йилда Роғун ГЭС қурилишининг молиялаштириш манбаларини топиш бўйича аниқ чоралар кўриш ҳақида топшириқ берди. Бу ҳақда мамлакат Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги хабар қилган.

Жорий йилнинг октябрь ойи ўрталарида республика президенти Имомали Раҳмон ушбу станция қурувчилари билан учрашувда ишлар тикланган 2008 йилдан буён станция қурилишига 25,3 миллиард сомонийдан кўпроқ маблағ ажратилганлигини таъкидлади.

«Фақатгина 2020 йилда қурилиш ишларига давлат бюджетидан қарийб 3 миллиард сомоний ажратилади», - деди у. 

Аввалроқ, Роғун ГЭСни қуриб битказиш учун 2,1 миллиард сомоний бюджет маблағларини ажратиш режалаштирилганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу станцияда объектларни қуриш учун 1,3 миллиард сомоний миқдорида бюджет маблағлари ажратилди.

Айни пайтда Роғун лойиҳасидан ташқари, мамлакат энергетика соҳасида қиймати 13,3 миллиард сомонийдан ортиқ бўлган яна 12та давлат инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. 

2018 йил ноябрь ва 2019 йил сентябрь ойларида фойдаланишга топширилган Роғун ГЭСнинг иккита гидроагрегати ишга туширилгандан буён шу йилнинг сентябрь ойигача 1,7 миллиард киловатт соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарди. 

Умуман олганда, Роғун ГЭС машина залида 600 МВт қувватли олтита гидроагрегатни турбиналар билан жиҳозлаш режалаштирилган. 

Ҳозирда 12,7 мингдан зиёд қурувчи 3824та машина ва механизмлардан фойдаланган ҳолда Роғун ГЭСни қуриш билан шуғулланмоқда. 

Станция 2033 йилгача тўлиқ қуриб битказилиши кутилмоқда. Роғун тўлиқ ишга туширилгандан сўнг, у ерда ўртача йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш 17 миллиард кВт/с.дан ошади. 

Мавзуга оид