Ушбу Қонун билан МЖтК 248-моддасининг биринчи қисмига қўшимча киритилиб, унга кўра, ички ишлар органлари кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар рўйхатига эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш(МЖтК 54-модда) ҳам киритилди.

Бу нимани англатади?

Маълумки, МЖтК 54-моддаси икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда карантин шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш учун жавобгарлик назарда тутилган.

Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқишга ички ишлар органларини ваколатли этиб белгилаш шундан далолат берадики, эндиликда ички ишлар органлари ходимлари фуқароларнинг жамоат жойларида ниқобсиз юриш ҳолати билан боғлиқ маъмурий ишларни ҳам давлат санитария назорати органлари ходимларининг иштирокисиз, ўзлари мустақил кўриб чиқа олади.

Кодексга киритилган сўнгги қўшимчалардан шуни англаш мумкинки, ички ишлар органларининг қуйидаги тоифадаги ходимлари карантин қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва маъмурий жазо қўллашга ваколатли этиб белгиланди:

  • туманлар, шаҳарлар, шаҳарлардаги туманлар ички ишлар бўлимларининг (бошқармаларининг) бошлиқлари ёки  бошлиқ ўринбосарлари, шунингдек, транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаларининг (бўлимларининг) бошлиқлари;
  • метрополитенни муҳофаза қилиш бўйича ички ишлар бўлимининг бошлиғи ёки бошлиғи ўринбосарлари;
  • темир йўл вокзаллари ва аэропортлардаги бўлинмаларнинг, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларининг (бошқармаларининг) бошлиқлари ва бошлиқ ўринбосарлари;
  • ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика катта инспекторлари ва инспекторлари;
  • йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг (Бош бошқармасининг) бошлиғи, унинг ўринбосарлари, йўл-патруль хизматини ҳамда маъмурий амалиётни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўлимининг бошлиғи, муҳим топшириқлар бўйича бош инспектор, инспектор (маъмурий амалиёт бўйича), маъмурий амалиёт бўлинмасининг (бўлимининг) бошлиғи, маъмурий ҳуқуқбузарликлар материалларини кўриб чиқиш бўйича бош инспектор, катта инспектор (инспектор), йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимининг (бўлинмасининг) бошлиғи, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг катта инспектори ва йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳининг маъмурий амалиёт бўйича инспектори, улар йўқлигида эса ички ишлар бўлимининг бошлиғи ёки унинг ўринбосари;
  • йўл-патруль хизмати бригадаси (батальони, дивизиони, отряди, сафарбар гуруҳи) командири ёки командирининг ўринбосари;