Марказий банк олдига нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича қўйилган мақсадлар ҳамда пул-кредит сиёсатини инфляцион таргетлаш стандартларига мувофиқлаштириш, инфляциянинг 2021 йилда 10 фоиздан паст ва 2023 йилда 5 фоизлик таргет кўрсаткичига эришиш бўйича вазифалардан келиб чиқиб, пул-кредит сиёсатининг 2021 йил ва 2022-2023 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларини ишлаб чиқди.
Ҳеч кимга сир эмаски, 2020 йил дунё мамлакатлари иқтисодиётига кутил(ма)ган зарбаларни беришда давом этмоқда. Мазкур ноаниқликлар даражаси ва таъсир каналлари хусусиятларини инобатга олиб, Марказий банк макроиқтисодий ривожланиш прогнозларини 3 хил – асосий, тезкор иқтисодий тикланишга (оптимистик) ва ташқи иқтисодий хатарлар кучайишига (хатарли) асосланган муқобил сценарийлар асосида ишлаб чиқди.
Асосий сценарий. Унга кўра, пандемия билан боғлиқ вазият босқичма-босқич яхшиланиб бориши бўйича кутилмалар, аҳоли ва бизнес вакиллари ўз фаолиятларини пандемия ва ундан кейинги шароитларга мослашган ҳолда давом эттиришлари асосий шартлардан қилиб олинган ҳамда ташқи савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг бир маромда тикланиши ҳисобига ташқи талаб 2022 йил иккинчи ярим йиллигидан инқироздан олдинги даражасига етади. Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил охирида инқироздан олдинги кўрсаткичларга яқинлашади.
Бюджет даромадлари тикланиб бориб, 2023 йилда йиғма бюджет дефицити (Ўзбекистон Тараққиёт ва тикланиш жамғармасини ҳисобга олмаганда) 2,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.
Асосий сценарийга мувофиқ, пул-кредит сиёсатининг жорий «нисбатан қатъий» шароитлари 2021 йил охиригача сақланиб қолинади.
Оптимистик сценарий. Пандемия билан боғлиқ вазиятнинг нисбатан тез суръатларда яхшиланиши, келгусида карантин чоралари жорий этилмаслиги ҳамда жаҳонда вирусга қарши вакцина ва дорилар 2021 йилнинг иккинчи ярмидан кенг татбиқ қилиниши шароитларини ўз ичига олади. Унда ташқи талаб 2021 йил иккинчи ярим йиллигида инқироздан олдинги даражасига етиши ва жаҳон иқтисодиёти тикланиб боргани сари олтин нархи пасайиб бориши прогноз қилинмоқда.
Ушбу сценарий шароитларида ички иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил ўртасида инқироздан олдинги даражага яқинлашиши, иқтисодиёт ўзининг потенциалига 2022 йилнинг охирида етиши кутилмоқда. Бунда, асосий сценарийдан фарқли равишда транспорт, хизматлар ва туризм соҳаларида ҳам ўсиш суръатлари жонланади. Айни пайтда, тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши жараёнининг 2022-2023 йилларда мантиқий якунига етказилиши ва ушбу соҳаларга тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниши иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан қилиб олинган.















