Шу йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистон президентининг «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган эди.
Наманган давлат университети ректори, Собитхон Турғунов университет сайтида бу фармон ва унинг таълим ва тарбия жараёнларини узлуксиз мувофиқлаштиришга қандай хизмат қилиши борасида фикрларини билдирган.
У бу борадаги фикрлари матнини Kun.uz'га ҳам тақдим этди.

«Охирги вақтларда фан ва таълим, уларнинг ишлаб чиқариш билан интеграциясини чуқурлаштириш бўйича 10 дан ортиқ қарор ва фармонлар қабул қилинди.
Президент Мирзиёевнинг халқ муҳокамасига қўйилган «Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини ҳам таълим тизимига берилаётган эътибор натижаси дейиш мумкин.
Фикримча, фармонда нафақат таълим сифатини таъминлаш балки таълим-тарбия иштирокчиларига зарур шароит яратиш, бир сўз билан айтганда, мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб олий таълимдан кейинги жараёнларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга қаратилган эътибор ҳам ўз ифодасини топган. Шунингдек, жараёнлар узлуксизлиги ва самарадорлилигига қаратилган омиллар тизимли равишда тўлиқ ифодаланган.
Эътибор қаратилса, ушбу фармон лойиҳаси табиий равишда таълим-тарбия иштирокчилари, ота-оналар ва бошқа йиғинларда ҳам муҳокама қилинмоқда. Билдирилаётган фикрларда эса ўқитувчи ва мураббийларимиз, фарзандларимиз ҳаётида янги бир давр бошланаётгани таъкидланмоқда.
Яхши кадрни тарбиялашда мактабгача таълим тизимидан бошлаб, олий таълим тизимигача бўлган давр ўта аҳамиятли ва муҳим. Ўйлашимча, ҳозиргача олий таълимнинг профессор-ўқитувчилари бу жараёнларда фаол иштирок этмаган.
Фармонда 2021 йилдан бошлаб, олис ва чекка ҳудудлардаги ёшларни нуфузли олимларга бириктирилиши, иқтидорли ёшларни рақамли технология, биология, генетика бўйича 3-6 ойлик стажировкаларини хорижий мамлакатларда ташкил этиш, ҳудудларда илмий фаолият билан шуғулланаётган ёшларнинг илмий ғояларини қўллаб-қувватлаш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш каби масалалар алоҳида белгиланмоқда.
















