Ўзбекистон | 17:40 / 06.11.2020
15782
2 дақиқада ўқилади

Чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 млн сўмдан берилади

Президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида тиббиётнинг бирламчи бўғинидаги муаммолар таҳлил қилинмоқда.

«Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинидаги даволаш сифати ҳақида гап борар экан, бунинг учун шароит ва кадрлар етишмаслиги айтиб ўтилди. Ходимларни рағбатлантириш, малакаси ва лавозимини оширишга эътибор йўқ.

Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 20 мингдан зиёд врачлик штати мавжуд, лекин 12 минг шифокор ишламоқда. Чунки бугунги кунда умумий амалиёт шифокори касби тиббиёт олийгоҳлари битирувчилари учун жозибадор эмас», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шу боис президент шифокорларга муносиб шароитлар яратиш орқали уларни энг қуйи бўғин – қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.

Бунинг учун чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғин тиббиёт тизими учун «Қишлоқ шифокори» дастури жорий қилинади. Бу дастурга мувофиқ чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилади, улар хизмат уйи билан таъминланади ёки ижара тўлови компенсация қилинади.

Шифокорларга бўлган эҳтиёжларни маҳаллалар кесимида аниқлаб, тиббиёт олий ўқув юртларида квотани ошириш, ипотека асосида қурилаётган уй-жойларни аввало бирламчи бўғин шифокорлари учун ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, келгуси йилда 100та қишлоқ врачлик пункти ва 24та оилавий поликлиника ташкил этилиши белгиланди.

 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид