Энергетика вазири Алишер Султонов 26 октябрь куни 2020-21 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда стратегик объектларни узлуксиз табиий газ билан таъминлаш тўғрисида вазирлик буйруғини имзолаганди. Унга мувофиқ, Тошкент шаҳрининг юқори босимли газ қувурларига уланган йирик улгуржи истеъмолчилар (вазирлик буйруғига илова қилинган рўйхат мавжуд) «саноат коллектори»га ўтказилади.
Ғишт, оҳак, гипс ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган йирик саноат корхоналарига шу йилнинг 1 ноябридан бошлаб табиий газ етказиб бериш тўхтатилади.
Шунингдек, буйруқда 54та метан газ қуйиш шохобчаларининг ҳам график асосида кунлик иш фаолияти 12 соатдан ошмаслиги таъкидланган. Яъни 54та АГТКС 3 гуруҳга бўлиниб, ҳар уч кунда бир марта 18та газ қуйиш шохобчаси суткасига 12 соатдан ишлаши белгиланганди.
Вазирлик ахборот хизмати 1 ноябрь куни тарқатган хабарга кўра, АГТКШнинг иш тартибига ҳеч қандай ўзгартириш киритилмаган, яъни буйруқда назарда тутилган ўзгариш ҳозирча ҳаётга татбиқ этилмаяпти.
«Энергетика вазирлиги 2020 йил 1 ноябрдан чекловлар жорий этилиши режалаштирилаёган автомобилларга газ қуйиш компрессор шохобчаларига (АГТКШ) газ етказиб бериш шартлари ҳозирда кўриб чиқилаётганлигини маълум қилади», — дейилади хабарда.
Тошкентдаги «Пастернак» гастробари ва «Pie Republic» кафеси асосчиси Лазиз Ғуломовнинг UzReport телеканали мухбирига маълум қилишича, рестораторлар ҳам таъминот чекланиши ҳақида огоҳлантирилмоқда. Аммо тадбиркорлар зудлик билан иш фаолиятини янги тартибга мослаштира олмайди.
«Кафе ошхонасида ишлатилаётган 1 кубометр газ учун 1000 сўм тўлаймиз. Аҳоли эса хонадонга етказиб берилаётган газ учун 300 сўм атрофида тўлов қилади. Умумий овқатланиш шохобчаси учун тўлов деярли 3 баравар қиммат қилиб белгиланган. Агар газ таъминотидан узилиб, электр энергиядан фойдалансак, харажатлар яна ошади», — деди тадбиркор.
Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча тадбиркорлик субъектлари сўнгги йилларда уларнинг муқобил ёқилғи турларига (суюлтирилган газ, кўмир ва бошқалар) босқичма-босқич ўтиш дастури амалга оширилаётганидан хабардор эканига шама қилган. Вазирлик хабарига кўра, хўжалик юритувчи субъектларнинг амалдаги шартномаларида куз-қиш даврида газ етказиб беришга чекловлар киритилиши кўзда тутилган бўлиб, шунинг учун ҳам улар муқобил ёнилғи манбаларига эга бўлишлари керак.















