Бугун тиббиёт ходимлари байрами кунини шифокор, ҳамшира, умуман тиббиёт соҳасининг қай бир вакили борки, ўз иш жойида ёки оила даврасида нишонламоқда.

Касб байрамини нишонлаётганлар орасида яна шундай бир аёл ҳам борки, биз уни шифокор эмас, кўпроқ тажрибали раҳбар, хотин-қизлар масаласида барчамизга яхши таниш бўлиб қолган инсон сифатида биламиз.

Демак, навбатдаги суҳбатдошимиз – тиббиёт фанлари доктори Элмира Боситхонова.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари билан суҳбатимиз аввалгиларидан фарқли равишда тизимдаги муаммолар, топшириқлар ижроси ва шу кабилар ҳақида эмас, балки бир шифокор ҳаёти, бу касбнинг ўзига хос мураккабликлари, шифокор ўзбек аёлининг қувонч-у ташвишлари ҳамда унинг раҳбарлик даражасига кўтарилиб боришдаги паст-у баландликка тўла йиллар ҳақида.

— Элмира опа, нима учун касб сифатида айнан шифокорликни танлагансиз ва бу соҳага кириб келишингиз, шифокорликдаги илк йилларингизни қандай эслайсиз?

— Инсонда касб ҳақида орзунинг пайдо бўлиши оиладаги муҳитга боғлиқ. Менинг отам шифокор бўлган. У киши Тошкент тиббиёт институтида ўқитувчи эди. 35 ёшида иш жойида юрак хуружидан вафот этган. Ўша пайтда мен 9 ёшда эдим.

Мактабда аъло баҳоларга ўқиганман. Кўпроқ математика фанига қизиқардим. 8-синфлигимда аммаларим мендан келгусида қайси касбни эгалламоқчи эканлигимни сўрашганида, математик бўламан, деб жавоб берган эдим. Шунда улар: «Йўқ, қиз болага математик бўлиш ярашмайди, сен ота касбни давом эттириб, шифокор бўласан», дейишган. Ва менга отамнинг қандай инсон бўлгани ҳақида аниқ тушунча беришган.

Шундан кейин ўзим ҳам ота касбни давом эттиришни хоҳладим ва 1975 йил Тошкент тиббиёт институтига ўқишга кирдим. Ўзим кўз шифокори бўлишни хоҳлаганман, лекин 5-курс охирида касблар тақсимланаётганда мен туғруқхонада эдим ва шунинг учун тўғридан тўғри шошилинч тиббий ёрдам бўлимига тақсимлаб юборишган.

Шошилинч ёрдам касалхонасида ишлаб юрганимда реанимация бўлимига мутахассис зарур бўлиб қолди ва мен устозим, профессор, хирург Надежда исмли устозимнинг тавсияси билан реанимация бўлимига ишга ўтдим.

Умуман, тасодифлар ва оиладаги тавсияларга кўра шу касбга кириб келганман.

— Шифокорлар соҳага кириб келаётганда Гиппократ қасамини ичишади. Бу сиз учун нимани англатади?