Ўзбекистон | 08:04 / 13.11.2020
6467
3 дақиқада ўқилади

Корея Республикаси президенти Ўзбекистон мактабгача таълим вазири Агриппина Шинни орден билан тақдирлади

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Мактабгача таълим вазирлигида вазир Агриппина Шинни "Давлатлараро дипломатик хизматлари учун" ордени билан расмий тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Орден билан мукофотлаш тўғрисидаги фармон Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин томонидан имзоланган.

Аргиппина Шин ўз нутқи аввалида Корея Республикаси мамлакатнинг асосий ҳамкорларидан бири, йирик инвестор, Ўзбекистон иқтисодиётини таркибий ўзгартириш ва модернизация қилиш дастурлари иштирокчиси сифатидаги давлатга айланганлигини таъкидлади. Хусусан, 2018 йилда ўз фаолиятини бошлаган Тошкентдаги Пучон университети филиалининг “Мактабгача таълим” факултетида ҳозирда Пучон университетининг ўқув режа ва дастурларига мувофиқ 892 нафар талаба таҳсил олмоқда. 

2019 йилда “Hyundai Engineering and Construction” компанияси кўмагида Нукус шаҳридаги “Имкон” реабилитация маркази билан кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотини қуриш бўйича лойиҳа амалга оширилди.

Шу билан бирга, Кореянинг “New Millennium Construction Co., Ltd.” компанияси Тошкент шаҳридаги 324-сонли экспериментал мактабгача таълим ташкилотини реконструкция ишларини олиб борди, унинг асосида таълимнинг корейсча модели кўрсатилган.

“BooyoungGroup ва AHA” компаниялари Ўзбекистонда мактабгача таълим тизими эҳтиёжлари ва МТТ ташкил этиш учун моддий-техника воситаларини ҳадя этди. “BooyoungGroup” компанияси томонидан 2000 дона рақамли пианино республиканинг барча бурчакларидаги болалар боғчаларига етказиб берилди.

Расмий тақдирлаш маросимида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Кан Чжэ Квон, ҳарбий атташе Пак Ан Со, иккинчи котиб Кан Джи У, иккинчи котиб Гу Гван Ил, консул Жаноб Ким Мун Чжэ иштирок этди.

“Қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссам учун Корея Республикаси президентининг олий мукофотига сазовор бўлиш мен учун катта шараф. Бу орден келгуси фаолиятимда яна бир рағбат воситаси бўлади”, – дея хулоса қилди вазир.

Маълумот учун, “Давлатлараро дипломатик хизматлари учун” ордени 1963 йил 25 июлда мамлакат фуқаролари ва чет эл вакилларини дипломатик соҳадаги хизматларини муносиб рағбатлантириш, шунингдек, хорижда миллий нуфузни ошириш, халқаро ҳамкорлик ва дўстликни тарғиб қилиш мақсадида таъсис этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид