Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш масалалари бўйича нутқ қилган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев евробонд ҳақида гапириб ўтган, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Еврооблигация масаласи бўйича, Fitch’дан рейтингимиз бор, шаҳарники. Унга 500 миллион (доллар – таҳр.) бераман, 100 миллионни, рухсат берсангиз, шифохоналарга ишлатсак», — деган шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Еврооблигация (евробонд) — халқаро молия бозоридан қарз жалб этиш учун ўрнатиладиган қимматли қоғоз, облигация купонлар.

Ортиқхўжаев сўзлари юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида изоҳ берилмаган. Шунингдек, «Ўзбекистон24» тайёрлаган репортажда ҳокимнинг 500 миллион доллар қийматдаги еврооблигация чиқариш режаси аниқ баён этилмаган. 

Бюджет кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида маҳаллий ҳокимликлар бюджетини қабул қилиш ва ижро этишда тегишли бюджетлар маблағлари ҳисобидан бошқа юридик ва жисмоний шахслар фойдасига молиявий кафолатлар ва кафилликлар беришга ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга бюджет ссудалари ва кредит линиялари беришга йўл қўйилмайди.

Президент қарорига мувофиқ,  илк маротаба жаҳон молия бозорларида Ўзбекистон Республикасининг умумий ҳажми 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 5 ва 10 йил муддатли суверен халқаро облигациялари жойлаштирилганди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги суверен қарзлар, шу жумладан корпоратив (банк) қарз мажбуриятлари эмиссиясини мувофиқлаштириш бўйича барча операцияларни амалга оширувчи ваколатли орган ҳисобланади.

Молия вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, шаҳар ҳокимлигининг евробондларни жойлаштириш масаласида таклифи Молия вазирлигига келиб тушмаган, хусусан, бу ҳақда вазирлик хабардор қилинмаган.

Маълумот учун, Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Тошкентга суверен рейтинг даражасида «Барқарор» прогнози билан узоқ муддатли «BB-» рейтингини берган