«Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида бўлим давлат ижрочилари томонидан бир неча бор огоҳлантирилганига қарамасдан, қарздор ота алимент нафақасини қасддан тўламай келган ва оқибатда 28.06.2018-01.11.2019 йиллар оралиғидаги давр учун қарздорлик 18 млн 149,9 минг сўмни ташкил қилган.

Шу боис, бўлим томонидан мазкур ижро ҳужжати юзасидан, тегишли ҳужжатлар тўпланган ҳолда Нукус шаҳар маъмурий судига юборилган ва 04.12.2019 йилда бўлиб ўтган мажлисда суд томонидан қарздор отага 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Бундан кейин ҳам тегишли хулоса чиқармаган ота алимент нафақасини тўлашдан бўйин товлаб келгани оқибатида жорий йилнинг октябрь ойи ҳолатига қарздорлик 33 млн 151,4 минг сўмдан ошиб кетган.

Шундан кейин, бўлим давлат ижрочилари томонидан қарздорга келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилганда, қарздор ота ўз номидаги уйини бериш истагини билдирди.

Натижада, собиқ турмуш ўртоқлар ўзаро келишувга келиб, алиментчи ота Нукус шаҳри ҳудудида жойлашган уй ҳовлисини собиқ турмуш ўртоғи номига расмийлаштириб берди ва мазкур ижро ҳужжати тегишли тартибда тамомланди», – дейилади МИБ матбуот хизмати Kun.uz сайтига тақдим этган маълумотда.