Иқтисодиёт | 17:40 / 18.11.2020
7296
3 дақиқада ўқилади

2020 йилда ҳокимият органлари томонидан 2 мингдан ошиқ енгил автомашина харид қилинган – Молия вазирлиги масъули

Молия вазирлиги департамент бошлиғи ўринбосари Сарвар Назаров давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан харид қилинган енгил автомобиллар статистикасини келтирди.

«Транспорт воситаларини харид қилиш учун 2019 йилда жами 680,4 млрд сўм, жорий йилнинг 1 ноябрига қадар 414,9 млрд сўм молиялаштириб берилган. Шундан давлат бюджети ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари, шу жумладан, захира ва қўшимча маблағлари ҳисобидан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан жорий йилнинг 10 ойи давомида 1357та шартнома тузилиб, жами 234 млрд сўмга 2032та турли русумдаги енгил автомашиналар харид қилинишини мисол қилиб айтишимиз мумкин.

Шундан, вазирлик, идоралар томонидан жами 1824та енгил автомобиллар харид қилинганлиги ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан 208та автомобил харид қилинганлигини мисол қилиб айтишимиз мумкин», дея Сарвар Назаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Молия вазирлиги масъули қимматбаҳо автомобилларнинг харид қилиниши қайси қонунчилик нормаларига мувофиқ амалга оширилиши ҳақида ҳам гапирди.

«Ҳозирги кунда амалдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 154-сонли қарорига асосан, лимитлар доирасида агар бюджет ташкилотлари автомашиналарни харид қилмоқчи бўлган тақдирда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда амалга ошириши, шу билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетидан ҳам маблағ олувчи ташкилотлар томонидан тегишли равишда вазирлик кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда сотиб олиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 153-сонли қарори мавжуд. Шу асосда ташкилотларга енгил автомашиналарнинг чекланган сони, лимитлари белгилаб ўтилган. Юқоридаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, бюджет буюртмачилари ушбу лимитлар доирасида енгил хизмат автомашиналарини харид қилиниши амалга оширилиши лозим», деди Молия вазирлиги вакили «Давлат харидлари: очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, тизимни такомиллаштиришнинг долзарб жиҳатлари» мавзусига бағишланган матбуот анжуманида.

Аввалроқ, молия вазири томонидан давлат амалдорлари учун қандай автомобил сотиб олиниши мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилиши айтилганди.

Мавзуга оид