Ўзбекистон | 17:15 / 18.11.2020
19338
3 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг волонтёрлар ҳақидаги гаплари тўлиқ видеоси тақдим этилди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ёшлар билан учрашувда волонтёрлар ҳақида билдирган фикрлари тўлиқ видеосини тақдим этди.

Учрашувдан дастлабки репортаж 17 ноябр куни ҳокимликнинг расмий Telegram-каналида эълон қилинган эди. Унда пойтахт раҳбари ёшлардан бирининг волонтёрлар уюшмасини тузиш ҳақидаги таклифига жавобан, волонтёрлар фаолиятига нисбатан шубҳа билан қарашини айтгани кўринади.

Ортиқхўжаевнинг бу гаплари ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгач, 18 ноябрда учрашувнинг шу савол-жавоб қисми тўлиқ акс этган видео эълон қилинди.

Тўлиқ видеодан маълум бўлишича, шаҳар ҳокими ҳокимиятнинг тадбирларига волонтёрлар етишмаётгани, лекин товар ёки пул билан боғлиқ ишларга келганда «волонтёрлар ҳаддан ортиқ кўпайиб кетаётгани»ни айтади.

У волонтёрлар беғараз ёрдам беришни мақсад қилганми ёки даромад олишни, деган савол уйғонишига сабаб бўлган мисолни келтиради: «Мисол учун, бизнинг ковид-центримизда волонтёрлар ишлади. Волонтёрмиз деб келишди, лекин 8 миллиондан ойлик олди. Тушунтира олдимми?»

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ковид-марказида ишлаган волонтёрларга эътирози йўқлигини таъкидлаб, шу билан бирга «волонтёр бўлса, нимага ҳақ сўраяпти» деган саволни ҳам ўртага ташлайди.

Бу масалани «кўриб чиқиш, буни чуқур ўйлаб кўриш» ҳақида гапирганда эса, у волонтёрлар фаолиятини эмас, Волонтёрлар уюшмасини ташкил этиш бўйича билдирилган таклифни назарда тутган.

Ҳоким агар нотўғри гапираётган бўлса узр сўрашини, волонтёрлик деганда ўзи нима тушунилишини унчалик ҳам яхши билмаслигини таъкидлаб ўтган. Кўринадики, шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг дастлабки видеоси раҳбарнинг сўзлари бирмунча нотўғри талқин қилинишига олиб келган.

Ҳокимлик ахборот хизмати вакили ҳолат юзасидан Kun.uz`га изоҳ берди.

«Дастлаб видеонинг кичик вариантини бўлиб ўтган тадбирнинг қисқача лавҳаси сифатида каналимизга жойладик. У бошқача талқин билан тарқалиб кетгани учун кўпчилик Жаҳонгир Обидовичнинг сўзларини нотўғри тушунди.

Ҳоким волонтёрлик ҳаракатини қораламаган, унга бирор қаршилик билдирмаган. Фақат волонтёрлик ниқоби остида ҳаракатланувчилардан эҳтиёт бўлиш шартлигини назарда тутган.

Кексаларга ёрдам бериш бўйича фикрлари ҳам ўринли, сабаби шаҳримизда кўплаб ётоқ беморлар бор ва уларга чиндан ёрдам берувчи кўнгиллилар гуруҳи кам. Тошкент шаҳар ҳокимияти фаолияти шубҳалардан холи, ҳақиқий волонтёрлик фаолиятини ҳамиша қўллаб-қувватлаган, қувватлайди ҳам», – дейилади изоҳда.

Мавзуга оид