Ўзбекистон | 10:36 / 20.11.2020
8484
2 дақиқада ўқилади

ЭИЗ иштирокчиларининг солиқ имтиёзлари 2020 йил 1 апрелгача амал қилиши белгиланди — Мубин Мирзаев

Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи эркин иқтисодий зона иштирокчиларининг солиқ имтиёзлари шу йилнинг 1 апрелига қадар амал қилишини билдирди. Аввалроқ, имтиёзлар йил бошидан ўз кучини йўқотгани туфайли тадбиркорларга солиқ талабномалари юборилганди.

Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев эркин иқтисодий зона иштирокчиларининг солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилган ҚҚС имтиёзлари шу йилнинг 1 апрелига қадар амал қилишини билдирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Солиқ кодекси янги таҳрирда қабул қилиниши сабабли ушбу имтиёзлар бекор қилинди. Имтиёзларнинг ўз кучини йўқотиши кодекс қабул қилиниши (2020 йил 1 январь – таҳр.) билан амал қиладими ёки йўқми? Молия вазирлиги билан келишиб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзлар 2020 йил 1 апрелга қадар амал қилиниши инобатга олинмоқда. Бу масала юзасидан вазирлик ва қўмитанинг қўшма хати ҳудудларга тез орада юборилади», — деди ДСҚ раисининг биринчи ўринбосари Мирзаев.

Мубин Мирзаевнинг таъкидлашича, айни пайтда солиқ органлари томонидан имтиёзлар бекор қилиниши натижасида 1 январдан солиқ солиниши ҳақидаги тадбиркорлик субъектларига юборилган талабномалар чақириб олинади.

2020 йил 1 январдан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 473-моддасига мувофиқ, эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларига фақат мол-мулк солиғидан, ер солиғидан ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан озод қилиш тарзида солиқ имтиёзлари берилган.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 75-моддасида «ҚҚС бўйича имтиёзлар, шу жумладан, товарлар Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилишида (импортида) солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилиши мумкин эмаслиги» ҳамда 266-моддасида барча солиқ тўловчилар «бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлашда фақат тўланган солиқ суммаларини ҳисобга олиши» белгиланди.

Мавзуга оид