Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишди.

Мажлис давомида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Фарҳод Боқиев қонун мазмун-моҳияти ҳақида гапирди.

«2019 йил ва 2020 йилнинг 9 ойи давомида 720та оғир, 207та ўта оғир турдаги жиноятлар фош этилмасдан қолган. Бундан ташқари, биргина 2020 йилнинг 9 ойида 367та бедарак йўқолган фуқаролар топилмаган ва 224та номаълум мурдаларнинг шахси аниқланмаган», деди Фарҳод Боқиев.

У бу қонун 50га яқин мамлакатда мавжудлигини, ДНК базалари билан ишлайдиган давлатлар борлиги, мана шу давлатларда 60 миллиондан ортиқ шахсларнинг маълумотлар базалари сақланишини таъкидлаб ўтди.

«Геном ахборотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмларининг жорий этилиши нисбатан мураккаб, ўта оғир ва очилмаган жиноятларни очишга имкон яратиш билан бирга қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлайди. Бирор шахс жиноят қилиш учун қанчалик пухта режа қилмасин, содир бўлган жойда ўзи хоҳламаган ҳолатда биологик материални қолдиради. Бу соч толаси, қон доғи, тер доғи, сўлак бўлиши мумкин. Мана шу қолган биологик материалдан олинган геномга оид ахборот ўша жиноятнинг фош этилишига олиб келади», деди Фарҳод Боқиев.

Ҳозирда содир этилаётган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар тўлиқ фош этилиши ва жазо муқаррарлигини таъминлашни талаб этади. Бунда жиноятчилар томонидан ҳодиса жойларида ўз изларини қолдирмаслик мақсадида турли усуллардан фойдаланилмоқда.

Мазкур қонун қабул қилинишининг аҳамиятли томони шундаки, ушбу соҳага замонавий усул ва технологияларни жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади. Ўз навбатида, чет эл тажрибаси жиноятчилик билан курашишда геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни фош этиш муҳим аҳамият касб этиб, юқори самара бераётганини кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда жиноят содир этиш усуллари ҳам такомиллашиб бормоқда. Уларнинг асосий мақсади жиноят содир этилган жойда қолдириладиган изларни минималлаштиришдан иборат бўлиб, бу эса содир этилган жиноятларни очиш жараёнларини қийинлаштирмоқда. Геном ахборот маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши нисбатан мураккаб, ўта оғир ва очилмаган жиноятларни очишга имкон яратиш билан бирга қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлайди. 

Қонун билан бир қатор янгиликлар киритилмоқда.

Хусусан, қонунда биологик материал, геном бўйича давлат рўйхатига олиш, геномга оид ахборот ва унга ишлов бериш, геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базаси, одам ДНКсининг суд-биологик экспертизаси шахснинг биологик қариндошлари каби тушунчаларига аниқлик киритилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қонунчиликка «Шахснинг биологик қариндошлари» деган янги тушунча ҳам кириб келди.