Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги Қирол Фаҳад шифохонасида анестезиолог-консултант сифатида фаолият кўрсатаётган ўзбек шифокори – тиббиёт фанлари доктори Аброр Акмалов билан Ўзбекистон тиббиётидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида суҳбатлашдик.

«Ўзбекистонда шифохонага иш тушганда албатта яхши шифокор излашга тўғри келади»

Аброр ака, айни пайтда Саудия Арабистонида фаолият юритяпсиз. Ўз фаолиятингиз ва кузатувларингиз асосида икки давлат тиббиёти ўртасидаги фарқ нималарда деб ўйлайсиз ва айнан қайси жиҳатларни Ўзбекистонга мослаштириш мумкин деб ҳисоблайсиз?

– Саудия Арабистони АҚШ стандартлари устун давлат ҳисобланади. Мен Ўзбекистонда Тошкент тиббиёт академиясида кафедра мудири, Нейрохирургия илмий-амалий марказида илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, илмий раҳбар лавозимларида ишлаганман. Шунинг учун соҳани, ўқиш ва иш масаласидаги фарқни анча сезаман.

Аброр Акмалов (ўнгдан биринчи) Қирол Фаҳад шифохонасидаги ҳамкасблари билан.

Саудия Арабистони ҳам ўз тилини яхши кўради. Мен Ўзбекистонда талабаларга дарс бериб юрган пайтларимда дарслар ўзбек тилида ўтилсин, китоблар ўзбек тилига ўгирилсин деган гаплар бўлди. Бу нарсалар бизнинг тиббиётимизни анча орқага тортди. Чунки тиббиёт шунақаки, узоғи билан 3-5 йилда бир марта янгиланиб туради. Бу рус тилида ҳам эмас, инглиз тилида бўлади. Инглиз тилини билмасдан замонавий технологияларни ишлатиш, замонавий даволаш чораларини ишлатиш қийин бўлади.

Ўзбекистонда ҳам ҳозир кўпчилик замонавий технологиялар билан ишлаяпти: улар ҳам асосан инглиз тилини яхши биладиган, ўз устида ишлайдиган шифокорлар ҳисобланади. Мен бу билан Саудия Арабистонининг бир эътиборли жиҳатини айтмоқчиман: бу ерда одамлар ўз тилини яхши кўргани билан шифокор ва ҳамширалар инглиз тилидаги дастурлар асосида тайёрланади. Бунинг учун бошидан инглиз тилини яхши ўқитиш зарур ва талаба ОТМга ўқишга киргач, бемалол чет тилда ўқий оладиган бўлиши керак.

Ўзбекистонда бирорта шифохонага борганда яхши шифокор излаб қолинади. Бемор даволанаётган муассасага бошқа клиникадан шифокор олиб келинади ва у ўз муолажасини қилади, яна бир клиникадан олиб келинган бошқа шифокор эса умуман ўзгача усулда даволайди. Бу ерда [Мадина шаҳрида] бундай нарса йўқ, бу шармандалик ҳисобланади. Ҳар бир шифокор ўз мутахассислигини яхши билиши ва бирининг муолажаси иккинчисиникидан фарқ қилмаслиги зарур. Мана шунга катта аҳамият бериш керак.