01:11 / 24.11.2020
29568

Бахмал туманидаги кутубхона очилиш маросимида ёш қизчалар совуқда дилдиратиб қўйилди

Коммунистларга хос одатдан масъулларимиз негадир қутила олишмаяпти. Қаердадир нимадир янги объект очилса, ваъз ўқилиши ва лента қирқилишидан олдин, албатта, (негадир!) қизалоқлар қатор қилиб қўйилиши керак. Ёзнинг жазирамаси бўладими, қишнинг қаҳратони бўладими — фарқи йўқ!

Яқиндагина Андижон шаҳридаги 43-мактаб ўқувчилари тарғибот тадбири доирасида юпун кийимларда байроқ кўтаришга чиқарилгани ижтимоий тармоқларда тарқалгач, директор ва унинг ўринбосари ишдан олинган эди.

Энди эса Жиззах вилоятининг Бахмал туманида ёш авлоднинг маънавиятини юксалтириш, миллий адабиётимиз ва санъатимизни янада ривожлантириш, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ижодкорларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор бериш доирасида очиб берилган Ахборот-кутубхона маркази олдида қизалоқлар қатор қилиб қўйилди (архив). Албатта, атлас қўйлак, негадир ўғил болалар дўпписида — юпун кийимда!

Уларнинг қаршисида палто ва телпакка ўраниб олган қариялар. Шимолий кореячасига туширилган суратлардан кўриниб турибдики, барча хурсанд!

20 ноябр, шанба куни Бахмал туманида об-ҳаво қандай бўлганига қизиқамиз ва архивга мурожаат қиламиз. Кечаси –11 даража совуқ, кундузи энг «исигани» –2 даража совуқ бўлган. Суратлардан тадбир эрталаб тушгача бўлгани инобатга олинcа, ҳавонинг ҳарорати –4 даражадан юқори эмаслигини гумон қилиш мумкин.

1602 номда 10427 нусхада захирага эга кутубхонанинг очилиш маросимида кимлар иштирок этгани, тадбирга қизалоқларни қаердан ва ким чақиргани ҳақида сўз бормаган.

Ш.Шокиржонов

Top