ЖССТ жисмоний фаоллик камлиги туфайли йилига 5 миллион киши вафот этишини маълум қилди
Дунёда жисмоний фаоллик камлиги туфайли йилига 5 млнгача одам вафот этади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг жисмоний соғлиқ соҳасидаги янги йўриқномасига таяниб Associated Press ахборот агентлиги хабар берди.
“Ҳар қандай турдаги ва давомликдаги жисмоний фаоллик соғлиқни ва кайфиятни яхшилаши мумкин. Бунда жисмоний фаоллик қанчалик кўп бўлса, шунча яхши”, деб айтган ЖССТнинг соғлиқни мустаҳкамлаш масалалари бўйича департаменти директори Руедигер Крех.
“Агар сиз ўтирган ҳолатда, мисол учун, ишда ёки мактабда, кўп вақт ўтказсангиз, сизга нофаол турмуш тарзининг вайронкор оқибатларига қарши туриш учун кўпроқ жисмоний фаоллик зарур”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис.
AP’нинг таъкидлашича, ЖССТ тавсияларининг янги варианти дунёда кўплаб одамлар пандемия сабабли турли чекловларга тўқнаш келаётган вақтда чиқарилди. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, айни вақтда катта ёшлиларнинг 25 фоизи ва ёшларнинг 80 фоизи етарлича жисмоний фаол эмас, пандемия эса бу борадаги вазиятни янада чуқурлаштирган.
ЖССТ катта ёшлиларга жисмоний ҳаракатларга ҳафтасига 2-2,5 соат, ёшларга эса кунига 1 соат вақт ажратишни тавсия қилмоқда. ЖССТда тушунтирилишича, мунтазам жисмоний фаоллик юрак хуружи, қанд касаллиги ва саратондан қочишдаги муҳим омил ҳисобланади, у тушкунлик ва безовталикка қарши ёрдам беради, мия фаолиятини яхшилайди.
ЖССТ маълумотларига кўра, аҳоли орасида жисмоний фаоллик камлиги турли давлатлар соғлиқни сақлаш тизимларига йилига 54 млрд долларга тушади.
Мавзуга оид
19:15 / 15.11.2024
ЖССТ: 2018 йилдан бери дунёда тиббиёт муассасаларига 7,4 мингдан ортиқ ҳужум уюштирилди
18:19 / 13.11.2024
ЖССТ мактаб ўқувчиларига юклама ортиб бораётганидан хавотирда
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
17:48 / 01.11.2024