Балиқчи тумани Навниҳол маҳалласидаги Эргашевлар хонадонидамиз. 14 нафар аъзоси бўлган катта оила 8 сотих томорқада лимонарий ташкил қилган.

Излаган имкон топар, дейишади. Муаллимликдан нафақага чиққан Ғофиржон ота ва унинг фарзандлари шароитдан келиб чиқиб, ёқилғи ёқиб иситилмайдиган лимонарийдан мўл ҳосил ва яхши даромад олишмоқда.

Ғофуржон Эргашев 68 ёшда. Собиқ ўқитувчи. Турмуш ўртоғи Шаҳзодахон ая ҳам ўқитувчи бўлган. Ҳозир пенсияда. Икки қиз ва уч ўғилнинг отаси. 12 нафар невараси бор.

«8 сотих ҳовлимиз бор. Шу ҳовлига 4 та иссиқхона ташкил қилганмиз. Уларда 134 туп лимон, 6 та мандарин, 6 та апелсин дарахт кўчатлари бор.

Иссиқхонани ёғочдан ясаганмиз. Мана шу атрофингизда кўриб турган лимонарийда 44 туп лимонимиз бор. Шуни ёзда бола-чақа билан, келинлар билан бирга меҳнат қилиб етиштирдик. Терилган ҳосилни ертўлада сақлаб, баҳор ойларида сотишни бошлаймиз.

Лимоннинг совуққа чидамли, ҳосилдор Хитой ва Кавказ навлари экканмиз. Ҳеч қандай ёқилғи ишлатилмайди. Кечқурунлари бўладиган аёзлардан сақлаш учун иссиқхонага исириқ солиб тутатамиз. Дарахтларни парваришлаймиз, ўғитлари бериб борилади.

Бу йил тахминан 2,5 тонна атрофида ҳосил етиштирдик. Бу эса тахминан 110–115 миллион сўмлик даромад дегани. Вояга етган бир туп лимон дарахтида 700 донагача мева бўлади. Тахминан 90 килограмм ҳосил беради.

Мен узоқ йиллар мактабларда ўқитувчи бўлиб ишлаганман. Рус тили ва адабиёти ҳамда ҳарбий таълимдан дарс бердим. 2011 йилдан бошлаб босқичма-босқич шу иссиқхоналарни ташкил қилдик. Ўтган йилги даромадимиздан «Дамас» машина олдик. Ҳозир иккита «Дамас» машинамиз, битта «Нексия»миз бор. Аллоҳга шукур, яшаш шароитимиз яхши.