Жаҳон | 13:34 / 02.12.2020
5438
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия кейинги ҳафтадан коронавирусга қарши оммавий эмлашни бошлайди

Буюк Британия коронавирус вакцинаси билан эмлашни бошлаётган биринчи давлат бўлиши кутилмоқда.

REUTERS/Dado Ruvic/File Photo

Буюк Британия дори воситалари ва соғлиқни сақлаш маҳсулотларини тартибга солиш агентлигига кўра, самарадорлиги 95 фоиз деб баҳоланган коронавирусга қарши Pfizer/BioNTech вакцинаси билан оммавий эмлаш кейинги ҳафтадан бошланади, деб ёзмоқда BBC.

Давлат 20 млн кишини эмлашга етадиган 40 млн доза вакцинага аллақачон буюртма берган. 10 млн дозадаги вакцина тез орада тайёр бўлиши ва яқин кунларда дастлаб 800 минг кишини эмлаш бошланиши айтилмоқда.

Буюк Британия миллий тиббиёт хизмати бош ижрочи директори Саймон Стивенснинг айтишича, мамлакат ҳозир тарихдаги энг кенг кўламли иммунизация ишларига тайёргарлик кўрмоқда.

Ҳозирда тахминан 50та касалхона, ижтимоий объектлар, хусусан, конференция заллари эмлаш марказлари сифатида тайёрланяпти.

Экспертлар тузган рўйхатга кўра, вакцинани биринчи ўринда юқори хавф гуруҳидаги кишилар олади: улар ғамхўрлик кўрсатиш марказлари ходимлари, тиббиёт ва бошқа ижтимоий соҳа ходимлари, шунингдек, 80 ёшдан ошган кишилар ҳисобланади. Уларни эмлаш имкон борича кейинги ҳафтадан бошланади. 50 ёшдан ошганлар, коронавирус билан олдин касалланганлар эса 2021 йилдан вакцинанинг каттароқ захираси яратилиши биланоқ эмланади.

Гарчи иммунизация ишлари бошланса ҳам, одамлар ҳушёр бўлиши ва карантин қоидаларига риоя қилишлари лозимлиги айтилмоқда. Бу дегани ижтимоий масофа сақлаш, ниқобда бўлиш, вирусга тест олиш ва коронавирус аниқланганлар ўзларини изоляция қилиши тадбирлари давом этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШда коронавирусга қарши оммавий эмлаш 11 декабрдан бошланиши айтилганди.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид