«Копток» тадбиркорлар ҳали ҳам тепилмоқда…
Зангиота тумани Эшонгузар қўрғонида қурилган истироҳат боғи ўрнида бузилган нотурар жой биноларининг компенсация пуллари тадбиркорларга ҳамон тўлаб берилмаяпти. Компенсация ўрнига ваъда қилинган ерга эса эгалик ҳуқуқи берилмаган.
Боғ қурилиши муносабати билан, тадбиркорларга тегишли ўнлаб нотурар бинолар компенсацияси масаласи тўлиқ ҳал қилинмасдан туриб бузиб ташланган. Ўрнига ер ваъда қилингани, ҳатто тадбиркорларга у ер айнан қаердан ажратилиши ҳам кўрсатилгани рост. Аммо, мана шу ваъданинг берилганига ҳам 6 ой тўлди. Компенсация ўрнига берилган ерга эгалик ҳуқуқи эса берилгани йўқ. Фуқаролар сарсон, оилалар даромадсиз қолмоқда.
Бу масала юзасидан сайтимиз орқали икки марта танқидий мақола эълон қилинди. Ҳар гал «муаммо бир ҳафтада ҳал бўлади», деган жавоб берилади. Аммо афсуски, на туман ва на вилоят ҳокимлиги ваъдасини эслаяпти.
Яна шундай муаммо, буниси Қибрайда
Қибрай туманида жойлашган, «SM GRAND GIGANT STROY» МЧЖ фойдаланиб келган 1,89 гектар ер майдони туман ҳокимининг 2019 йил 14 мартдаги қарорига асосан, давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйилган ва ундаги бино ва иншоотлар бузиб ташланган.
Тўланиши керак бўлган 10,4 млрд сўм компенсация ўрнига ҳокимлик фақат 7,1 млрд сўмини тўлаб берган. Қолган 3,3 млрд сўм 1,5 йилдан ошиқроқ вақт ўтдики, тўлаб берилмаяпти.
Суд қарори ижрога қаратилганига берилганига ҳам 5 ойдан ошган. Аммо МИБнинг «жонсиз» ҳаракатлари ҳеч қандай самара бергани йўқ.















