«Сўз эркинлиги ҳақида умумий хулосам шуки, Ўзбекистонда охирги йиллардаги сўз эркинлигидаги ўзгаришлар ҳақиқатан бор. Буни блогер сифатида ҳам, ахборот агентлиги вакили сифатида ҳам тан оламан. Аммо бу ўзгаришлар биз учун ҳали етарли эмас. Буни ҳам барчамиз тан олишимиз керак. Яъни биз маррага келиб бўлдик, «сўз эркинлигининг энг юқори чўққисига чиқиб бўлдик», деган хулосага келган кунимизоқ жамиятимиз ёки сўз эркинлиги ўлишни бошлайди. Ҳали олдимизда қиладиган анча ишларимиз бор.

Биз худди йўлга чиққан ҳайдовчига ўхшаймиз. Илгари 20 тезликдан ошириш мумкин эмасди. Светофорларда жуда кўп қизил ёнарди. Ҳозир шунақа йўлга чиқдикки, тезликни оширсак бўлади, лекин ҳалиям жуда тезликда кета олмаяпмиз. Ҳалиям светофорда айрим қизиллар бор. Яшиллар озгина кўпайди. Ва биз ҳаракат қилишимиз керакки, катта трассага чиқиб олишга. Кимнинг имконияти етса, 200-250 тезликда юрсин. Шунақа трассага чиқиб олишимиз учун йўллардан кетяпмиз. Ҳар қанақа трассага чиққанимизда ҳам, 200 тезликми, 300 тезликми, йўл ҳаракати қоидаларини унутмаслигимиз керак. Яъни йўлда юриш бу - қоидасиз юриш дегани эмас», деди у.

У давра суҳбатида бошловчилик қилган Шерзодхон Қудратхўжаевнинг блогерлар қайсидир амалдорга симпатия билдириши билан боғлиқ ҳолатга муносабати ҳақидаги саволига ҳам жавоб берди.

«Блогерлар ҳақидаги фикрим, уларнинг кимгадир симпатияси бўлиши бу нормал ҳолат. Чунки бу - индивидуал фикр. Кимдир кимнидир яхши кўради, ҳурмат қилади ёки ёмон кўради. Бу табиий жараён ва уни чеклаб бўлмайди. Аммо шу жараёнда ҳам қай даражада холисликни сақлай олса, бу блогернинг ўз имижи учун яхши. Яъни фақатгина холисликдан узоқ бўлган, бир томонлама фикрлар билан чиқаётган блогерларни истеъмолчиларнинг ўзи белгилаб қўяверади. Уни ўқишдан чекинади. Уларнинг сўзининг таъсир кучи йўқолади.

Доим субъектив ёритиб келаётганларнинг овози ҳам баландроқ, жарангдорроқ эшитилади. Уни аудитория ҳам ҳурмат қилади. Бу шахсий танлов деб ўйлайман», деди ҳуқуқшунос.

Шунингдек, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги фаолияти билан боғлиқ саволга ҳам жавоб қайтарилди.

«Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги давлатнинг ягона расмий ахборот агентлиги. Бунақа агентликлар бошқа давлатларда ҳам бор. Давлат ахборот агентлигининг мақсади, вазифалари ҳаммамизга маълум. Аммо ишлаш формати қандай? Яъни ЎзА жаҳондаги бошқа ахборот агентликлари ишлаётган форматда ишлай оляптими, деган савол бугунги кундаги энг муҳим савол.

ЎзАнинг ҳозирги концепцияси шундайки, мақтовлар билан давлат сиёсатини ташвиқот қилиб бўлмайди, бу эскирган услуб. Бу билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Давлат ҳам ютқазади, халқ ҳам.