Ўзбекистон | 12:49 / 05.12.2020
50222
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева жинсий тарбия дарслари ўтилиши ҳақидаги гапларига изоҳ берди

Ўзбекистонда ажримларнинг 15 фоизи бепуштлик оқибатида содир бўлмоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева таълим муассасаларида жинсий тарбия дарслари ўтилиши ҳақидаги гапларига изоҳ берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

Мен жинсий тарбия ҳақида гапирганимда блогер ва журналистларимиз мутлақо нотўғри тушунишди. Жинсий тарбия зарурати ҳақида гапирганимга сабаб, қизларни гинекологга, ўғил болаларни урологга олиб бориб текширтириш, шамоллаш асоратларининг олдини олиш мумкин. Ёшлигидан соғлигига қарайдиган бўлсак, бепуштликнинг олдини олса бўлади.

Ўзбекистонда ажримларнинг 15 фоизи бепуштлик оқибатида бўляпти. Бунда нафақат аёлларнинг, балки эркакларнинг ҳам бепуштлиги бор. Эркаклар шифокорга боришга уялади. Иккинчи, учинчи аёлга ҳам уйланади. Лекин боласи бўлмайди. Айб ўзида, аммо даволанишни истамайди. Шундай стереотиплар билан курашишимиз керак”, – деди Норбоева Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг 4 декабр куни ўтказилган йиғилишида.

Билдирилишича, Ўзбекистонда одам савдоси жиноятларида чақалоқ савдосининг улуши ортган. Чақалоқ сотиб олувчи шахслар билан ўтказилган суҳбат натижаларига кўра, улар бу ишга фарзанди бўлмагани, оиласини сақлаб қолиш чораси сифатида қўл уриши ҳамда бола ўз ақлини таниб олмасдан, кичиклигида асраб олиши кераклиги ҳақидаги важни келтиради.

Аввалроқ, Танзила Норбоева болалар боғчасидан тортиб, то олий таълимгача жинсий тарбиядан таълим берилиши зарурлиги ҳақида гапирган ва бу ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Мавзуга оид