1776 йилдан бери дунё қанча урушларни кўрди, янги империялар қад кўтарди ва қулади, давлатлар юксалди, инқирозга учради, яна ҳаммасини қайта бошлашига тўғри келди. Аммо шунча вақтдан бери бир нарса ўзгармайди: АҚШ. У уруш-у инқирозлардан кейин ҳам қудратли ва мафтункор.

Аммо бу ўзгармаслик қонунияти қачонгача амал қилади? АҚШ нима учун ҳар томонлама супердержавага айланган? «Америка орзуси» нега бунчалик оммалашиб кетди? Халқаро муносабатлар бўйича эксперт, сиёсий таҳлилчи Фарид Рафиқ Закария ўзининг «Постамерика дунёси» (The PostAmerican World) китобида АҚШнинг бугуни ва эртаси билан боғлиқ бир қатор саволларга жавоб излайди.

АҚШ қандай қилиб халқаро сиёсат майдонида регуляторга айланиб қолди ва бундан кейин ҳам ҳозирги мақомини сақлаб қоладими, бошқа давлатлар қандай қилиб АҚШдан ўзиб кетмоқда – муаллифнинг бу бўйича таҳлил ва прогнозлари ҳам китобда баён этилган.

Шарқ нега Ғарбдан ортда қолди?

Закария дунё саҳнасида АҚШ каби қудратли давлатнинг пайдо бўлишини бошқа мамлакатларнинг ривожланиш йўлидаги хатоликлар ва улардан чиқарилган хулосалар билан боғлайди. Ахир 16-асрларга қадар цивилизациянинг барча йўналишларида Шарқ пешқадам эди. Кейинчалик Ғарбий Европа Ренессанс ва Реформацияга юз тутди ва ривожланишда ўзиб кетди. 18-асрга келиб эса Атлантиканинг нариги соҳилида Шарқ ва Ғарбнинг шу нуқтага қадар қилган хатоликлардан чиқарилган тўғри хулосалар асосида Америка бунёд бўлди.

Хитой, Ҳиндистон, Яқин Шарқ давлатлари ғарб тамаддунидан анча аввалроқ гуллаб-яшнашни бошлаган. Гап шундаки, аксарият Шарқ давлатларида давлат бошқаруви тирания, марказлашув, халқни солиқлар билан қийнашга асосланган эди. Ҳукмдорлар ўзларига ҳашаматли саройлар қуриб олиш билан банд бўлишган, инфратузилмани яхшилаш, савдо ва фанни ривожлантириш ҳақида бош қотиришмаган. Одамлар шахсий бойишдан манфаатдор эмасди, чунки давлат барибир унинг пулини тортиб оларди.

Шарқ мамлакатларида фуқаролик жамияти суст ривожланган, кўп жиҳатдан давлатга боғлиқ бўлиб қолган. Мисол учун, Ҳиндистонда савдогарлар каста иерархиясининг қуйи бўғинига мансуб бўлган, саройнинг инжиқликлари билан ҳисоблашиб иш кўришга мажбур бўлган. Хитойда эса савдогарлар император саройига манзур келиш учунгина исталган дақиқада савдони йиғиштириб қўйиб, конфуцийликни ўрганишга берилиб кетиши мумкин эди. (АҚШ эса тадбиркорлар ривожланишнинг асосий ричаги эканлигини анча эрта тушуниб етди).

Европада эса қирол ҳокимияти бу даражада марказлашган ва қудратли эмасди. Биринчидан, қироллар ҳар доим черковлар билан рақобатлашишга мажбур бўлган. Иккинчидан, ерга эгалик шакли аниқ белгилаб қўйилган ва бу қиролнинг ҳокимиятини чеклаб қўяр эди. 1215 йилдаёқ қабул қилинган Эркинликлар хартияси ғарб дунёсининг ҳуқуқ ҳақидаги энг биринчи ҳужжати бўлди.