Жаҳон | 18:10 / 06.12.2020
4482
2 дақиқада ўқилади

Уругвайнинг собиқ президенти Табаре Васкес 80 ёшида вафот этди

Фото: Mike Segar / Reuters

Уругвайнинг собиқ президенти Табаре Васкес 6 декабрда 80 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Васкеснинг ўғилларига таяниб El Observador нашри хабар берди. Сиёсатчининг ўлимига саратон касаллиги сабаб бўлган.

“Биз чуқур қайғу билан қадрли отамиз – доктор Табаре Васкес вафот этганини маълум қиламиз. У соат 3да саратон касаллиги сабабли ҳаётдан кўз юмди”, деб маълум қилишган Васкеснинг ўғиллари.  

Васкеснинг оиласи мураккаб эпидемиологик вазият сабабли оталари билан видолашиш маросими бўлмаслигини, дафн маросимида эса фақат яқинлар иштирок этишини маълум қилган. 

Васкес Уругвай президенти лавозимини 2005 йилдан 2010 йилгача ҳамда 2015 йилдан 2020 йилгача икки муддат эгаллаган.

Мутахассислиги бўйича онколог шифокор бўлган Табаре Васкес 2019 йил августда ўзида ёмон сифатли ўсимта аниқланганини маълум қилган. У даволанишига, жумладан нур терапия олишига қарамай, давлат раҳбари мажбуриятларини президентлик муддатининг охиригача - 2020 йил 1 мартгача бажаришни давом эттирган. Сўнгра у мамлакат бошқарувини янги президент Луис Лакале Поуга топширган.  

Мавзуга оид