Ўзбекистон | 12:35 / 08.12.2020
3571
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик астрофизик олим Ислом дунёси фанлар академияси аъзоси бўлди

ЎзР ФА Астрономия институти олими профессор Бобомурод Аҳмедов Ислом дунёси фанлар академияси аъзолигига сайланди.

“ЎзР ФА Астрономия институти лаборатория мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор, Бутунжаҳон фанлар академиясининг академиги (The World Academy of Sciences, TWAS) Бобомурод Аҳмедов Ислом дунёси фанлар академияси (Islamic World Academy of Sciences, IAS) аъзоси этиб сайланди”, — дея маълум қилди ФА матбуот хизмати.

Иорданиянинг Уммон шаҳрида жойлашган IAS академияси 1986 йилда Ислом дунёси мамлакатларининг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун фан ва технологияларни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган. 

IAS академияси, шунингдек, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг (ИҲТ) Илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси (COMSTECH) ҳисобланади. Унинг аъзоси бўлиш олимнинг дунё ҳамжамияти томонидан тан олинишини англатади.

“2020 йил 1 декабр куни Иорданиянинг Уммон шаҳрида Ислом дунёси фанлар академияси Бош ассамблеясининг 22-ялпи йиғилиши бўлиб ўтди, унда янги аъзолар, шу қаторда Ўзбекистонлик олим – Бобомурод Аҳмедов ҳам сайланди”, — дейилади хабарда. 

Маълумот учун, Ўзбекистонда релятивистик астрофизика бўйича янги илмий мактаб яратган олим Физика-математика фанлари доктори, профессор Б.Ж. Aҳмедов Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Aстрономия институти Назарий астрофизика лабораториясининг мудири сифатида фаолият юритиб келади. Бобомурод Аҳмедов Ўзбекистонда 2017 йилда энг кўп ҳавола қилинган муаллиф («Highly Cited Author», Web of Science), 2018 йилда "Йил олими - 2018" («Researcher of theYear», Scopus) мукофотларига сазовор бўлган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид