Бугунги кунда давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки даражасини камайтириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва бозорда рақобат муҳитини шакллантириш мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.

Нима эҳтиёж бор эди?
Давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таҳлил ва мониторинг қилиш Адлия вазирлиги зиммасига юклатилган нисбатан янги вазифа ҳисобланади. Мазкур вазифа доирасида кейинги икки йилда вазирлик томонидан 77 та идора фаолияти ўрганилди ва таҳлил қилинди. Натижаси бўйича 17 та лойиҳа, 187 та таклиф ишлаб чиқилди.
Шуни қайд этиш керакки, пандемия барча давлатлар олдига давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, мақбуллаштириш, самарадорлигини ошириш бўйича янги ёндашувларни ишлаб чиқиш, айрим соҳаларда иштирокини танқидий кўриш масаласини долзарб масала сифатида қўймоқда.
Бунда давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш бошқарув самарадорлигини оширишда истиқболли йўналиш сифатида эътироф этилмоқда. Шуни тан олиш керакки, ушбу соҳада мамлакатимизда ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжуд эди. Уларнинг сирасига иқтисодиёт тармоқларида давлат функцияларини амалга оширишда хусусий секторнинг иштироки пастлиги, давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг аниқ тартиби ҳамда зарур талаб ва шартлари белгиланмагани ва давлат органларини сақлаш харажатлари юқорилигини киритиш мумкин.
Хорижий тажриба
Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки даражасини камайтиришнинг энг асосий ва самарали йўлларидан бири, бу давлат функцияларини босқичма-босқич хусусий сектор субъектларига ўтказишдир.
Жаҳон миқёсида иқтисодиёти ривожланган давлатлар, яъни АҚШ, Канада, Австралия, Буюк Британия, Германия ва Сингапур – давлат функциялари хусусий секторга ўтказиш даражаси юқори мамлакатлар қаторига киради.
Ушбу мамлакатларда кўплаб давлат функциялари хусусий секторга ўтказилганлиги натижасида уларнинг ялпи ички маҳсулоти кўрсаткичи ошишига ҳам олиб келмоқда. Бунда тадбиркорликнинг янги йўналишлари яратилиши орқали хусусий сектор томонидан янги иш ўринлари барпо этилмоқда ва бюджетга солиқлардан тушум ортмоқда. Мисол учун, AҚШ иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг 72 фоизи хусусий сектор улушига тўғри келади.
Қарор билан нималар ўзгармоқда?














