Kun.uz`га навбатдаги мурожаат Қамаши туманидан бўлди. Унда, туман марказидаги «Файз деҳқон бозори»да савдо қилаётган тадбиркорлар бозорда чироқ йўқлиги учун турли муаммоларга дуч келаётгани ҳақида маълум қилинган. Мурожаатни ўқиб, аввалига бозорда чироқ йўқлигини сўнгги пайтларда ҳаво совиб кўп жойларда электр узатиш чекланаётганига йўйдик. Аммо тадбиркорлар билан боғланганимизда вазият тамомила бошқача экани ойдинлашди.

Тадбиркорларнинг маълум қилишича, улар «Файз деҳқон бозори»да анчадан бери электр таъминоти масаласида муаммоларга дуч келяпти. Чироқ бир кун берилса, уч кунлаб ўчириб қўйилади. Бу ерда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар туман ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан алоҳида шартнома тузмаган. Туман ҲЭТК билан бозор маъмурияти шартнома тузган. Ҳар бир дўконда ўрнатилган электр ҳисоблагичлардан ташқари, туман ҲЭТК томонидан бозор ҳудудидаги нимстанцияга ҳам ҳисоблагич ўрнатилган. Ана шу ҳисоблагич бўйича 18 миллион сўмдан ошиқ қарздорлик йиғилиб қолгани учун туман ҲЭТК бозорга чироқ бермаяпти.

Бозорда икки-уч кунлаб чироқ ўчирилганда, айниқса озиқ-овқат маҳсулотларини сотадиган тадбиркорлар чорасиз қоляпти ва движоклардан фойдаланяпти. Бу ҳолат ташқарида савдо қилаётганларга ноқулайлик туғдириб, баъзан ўртада можаро ҳам келтириб чиқаряпти. «Чироқ бўлмаганда движок ёқяпмиз, уни дўкон ичига қўйиб ёқиб бўлмайди. Ташқарига қўйсак, унинг овози ва тутуни бошқаларга халақит беряпти. Ёқмасак музлаткичларда тез айнийдиган маҳсулотларимиз истеъмолга ва сотишга яроқсиз бўлиб қоляпти», дейишди тадбиркорлар.

Тадбиркорларнинг айтишича дўконларга ўрнатилган ҳисоблагичлар бўйича уларнинг қарзи йўқ. Ҳар бир дўкон олдиндан пул тўлаб келмоқда. Қолаверса, айрим ҳолларда бозор маъмурияти улардан 1 кВт электр энергияси учун белгиланган 450 сўм ўрнига 500, 550 сўмдан пул йиғган пайтлари ҳам бўлган.

Тадбиркорлардан пулни бозор ходими йиғади. Бундан ташқари тадбиркорлардан чироқ учун пул йиғилаётганда ҳеч қандай квитанция берилмайди. Пул йиғадиган ходим дўкондаги ҳисоблагичдаги рақамларни дафтарига ёзиб қўйилган аввалги тўлов билан солиштириб кўради ва шунга қараб пул олади.

Тадбиркорлар дўконларга ўрнатилган ҳисоблагич бўйича пул тўлаяпти. Қарздорлик йўқ. Унда шунча қарздорлик қаердан келиб чиқяпти? Бу саволни аввал тадбиркорларга бердик. Уларнинг гумонича, бозор маъмурияти улардан йиғилган пулларни туман ҲЭТК ҳисобига вақтида туширмаяпти. Шунинг ортидан қарздорлик тобора кўпайиб боряпти.