Шодмонали Тешабоевлар оиласи ўз ҳунарининг устаси сифатида ҳурмат топган. Хонадондаги устахонада қирқдан зиёд турдаги саватлар тўқилади.
Маҳсулотлар – харидоргир. Уста доимий мижозларнинг буюртмалари асосида иш олиб боради. Ҳунарманд қўни-қўшниларини ҳам иш билан таъминлаган.



«Мана шу ҳунар билан 20 йилдан бери шуғулланиб келяпмиз. Ота-бобомиздан қолган касб. Шунинг орқасидан оила боқяпмиз. Аллоҳга шукр, шунчалик ризқини беряпти. Мана шу ҳунар орқасидан шогирдлар етиштиряпмиз.

Олдинлари оддий нон сават бўлган бўлса, ҳозир мана, 40 хилга етказдик. Оддий сават бор, «корзинка», қопқоқли сават, «гул сават», юрак шаклидаги, квадрат ва яна ҳар хил турлари бор.
Биринчи бўлиб аёлим, кейин фарзандларим ўрганди. Ҳозир оилавий шу ҳунар билан шуғулланамиз», – дейди Шодмонали Тешабоев.
Ҳунарманд бизга маҳсулот қандай тайёрланишини босқичма-босқич кўрсатиб берди. Сават асосан толдан тайёрланади. Тол новдалари кесиб олингач, новда қайнатиб олинади. Сўнг пўстлоғидан тозаланиб ишлов берилади. Бу иш билан қўшни аёллар шуғулланар экан.
«Биз тол новдасини олиб, унинг пўстлоғини арчиб берамиз. Бир кунда 10 боғдан новда арчийман. Бир боғи 4 минг сўмдан. Кунига 40 мингдан пул топамиз», – дейди қўшни аёл Гулшаной Қўчқорова.

















