Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда исм, фамилия, ота исмини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган муҳокамалар, давлат хизматлари марказларига бу борада мурожаатлар кўпайган. Давлат хизматлари агентлиги исм-шарифни ўзгартириш масаласи Оила кодекси билан тартибга солинишини эслатди.

«Оила кодексининг 226-моддасида фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тартиби ҳақидаги қоидалар ифода этилган. Унга кўра, фуқаронинг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризаси ўн олти ёшга тўлгандан кейин ўзи яшаб турган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан кўриб чиқилиши, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги хулоса ички ишлар органлари томонидан ушбу шахс тегишлича текширувдан ўтказилгандан кейингина тузилиши мумкинлиги, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришни рад этганлиги устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Ариза берувчи 16 ёшга тўлгач турар жойдаги ФҲДЁ органига юқоридаги масала юзасидан ариза бериши мумкин», дея ДХА ахборот хизмати раҳбари Севара Зокированинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Таъкидланишича, исм-фамилия, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • ариза берувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси;
  • агар ариза берувчи никоҳда турган бўлса, у ҳолда никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси, агар никоҳдан ажратилган бўлса — никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномаси;
  • агар ариза берувчининг вояга етмаган болалари бўлса, у ҳолда болаларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари;
  • ариза берувчининг паспортидан ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатидан кўчирма;
  • агар ариза берувчи вояга етмаган ёки суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, у ҳолда ота-онасининг ёхуд васий ёки ҳомийнинг аризаси;
  • 1 дона (3х4 ўлчамли) фотосурат.

Фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар ФҲДЁ бўлимлари томонидан қуйидаги ҳолларда кўриб чиқилади:

  • «Давлат тили ҳақида»ги қонунининг 15-моддасига биноан;
  • суднинг ҳал қилув қарори асосида;
  • агар фамилия ва исм эшитилишда ёқимсиз бўлса;
  • агар фамилия ва исм миллатига тўғри келмаса;
  • хоҳишга қараб никоҳгача бўлган фамилияга (никоҳда турган даврида ҳам, никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам) қайтишда;