Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Айрим интернет нашрлари вакиллари Жўқорғи Кенгес сессиясига киритилмади
Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн биринчи сессияси бўлиб ўтмоқда. Унга айрим интернет нашрлари вакиллари, шу жумладан Kun.uz мухбири киритилмади.
Kun.uz мухбирининг хабарига кўра, бинога киришда ундан телефон ва бошқа қурилмаларини ташлаб кетиш сўралган. Миллий гвардия ходимларидан бунга ҳуқуқий асос сўралганда, ҳеч қандай жавоб берилмаган. Кейинроқ эса сессия йиғилиши бошлангани ҳақидаги важ билан мухбир сессияга киритилмаган.
Киритилмаганлар орасида Kun.uz мухбиридан ташқари KRuz.uz сайти ва Karinform.uz сайти муҳаррирлари ҳам бор. Улар ҳам юқоридаги сабаблар билан сессияга киритилмаган.
Karinform.uz сайти муҳаррири билан қизиқ ҳолат кузатилган. Ислам Матеков бинога киришда телефон, фотоаппаратларини қолдириб кетишга рози бўлган. Aммо қурилмалар солинадиган сумкани қўйиб кетишга ҳам, олиб киришга ҳам рухсат берилмаган. Матеков бунга ҳам рози бўлиб сумкасини дераза қаршисига қўйиб, ичкарига кирган. Бу пайт эса сессия бошланиб кетгани учун залга киритилмаган.
Сессия 15:00да бошланиши керак бўлган. Қорақалпоғистондаги журналистлар саноат маҳсулотлари кўргазмасига 14:00да чақирилган. Соат 12:00лар атрофида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ахборот хизмати ходимлари кўргазма соат 13:00да бўлишини айтишган. Журналистлар белгиланган вақтда кўргазма билан эмас, AОКA директори Aсад Хўжаев ва Вазирлар Кенгаши раиси биринчи ўринбосари Нуруллан Эрлепесов билан норасмий учрашган. Учрашув соат 14:48гача давом этган. Шу билан сессия бошланишига 12 дақиқа қолганда журналистларга хабар қилинган.
Мухбир хабарига кўра, Жўқорғи Кенгеснинг очиқ ўтадиган йиғилишлари, сессиялари ва бошқа тадбирларига одатда интернет журналистлари киритилмайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 28 август куни Урганч шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессияга Kun.uz мухбири киритилмаганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 154-II-сонли қарори билан тасдиқланган “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти”нинг 12-моддасига кўра, сессиялар очиқ, ошкора ўтказилади ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади.
Мавзуга оид
18:00 / 26.08.2025
Мўйноқда отилиб чиққан катта босимдаги газ жиловланди
18:23 / 22.08.2025
Нукус шаҳрида чанг бўрони кузатилмоқда
11:19 / 19.08.2025
Қорақалпоғистонда майнинг учун махсус зона ташкил этилиши мумкин
07:42 / 16.08.2025