“Россельхознадзор” жорий йилнинг 18 декабридан бошлаб Фарғона вилоятида жойлашган 7та корхонадан помидор ва қалампир маҳсулотларида 2020 йилда ЕОИИ давлатлари учун карантин объектлар ва помидор жигарранг бужмайиши вируси аниқланмаганлиги туфайли ушбу корхоналардан Россия ҳудудига мазкур маҳсулотларни олиб киришга рухсат берди. Бу ҳақда “Ўздавкарантин” инспекцияси ахборот хизмати хабар қилган.
“Россельхознадзор” сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, мазкур қарор Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан Фарғона вилоятида ҳудудларни ўрганиш натижалари ва иссиқхоналар ҳолатини таҳлил қилиш тўғрисида тақдим этилган маълумотлар асосида қабул қилинган.
Дастлабки босқичда помидор маҳсулотини «Golden Tree» МЧЖ (Қўштепа тумани), «Фарҳод Ранчо» ФХ (Қувасой шаҳри), «Фарғона Зиё қурувчи» МЧЖ (Қувасой шаҳри) ҳамда қалампир маҳсулотини «Новая волна» ФХ (Олтиариқ тумани), «Жилокор Замини» МЧЖ (Данғара тумани), «Саодатли Дил Фаровон» МЧЖ (Данғара тумани), «Юлдашев Элдор» МЧЖ (Бешариқ тумани) корхоналаридан олиб киришга рухсат этилди.
Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси “Россельхознадзор” билан вақтинчалик чекловларни бекор қилиш юзасидан мувофиқлаштирилган қўшма тадбирлар давом этаётганини маълум қилди.









