Президентнинг “Аҳолига психологик хизмат кўрсатиш ва психология соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қуйидагилар республикада психологик хизмат кўрсатиш ва психология соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланиши мумкин:
- мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш, ижтимоий ва иқтисодий тараққиёт истиқболларидан, жамият эҳтиёжларидан, фан, маданият, техника ва технологиянинг замонавий ютуқларидан келиб чиққан ҳолда психологик хизматларнинг самарали шакллари ҳамда услубларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
- ёшлар тарбиясининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш, шахснинг маънавий камол топишида психологик қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг мустақил онгли касб танлаши ва ўзининг шахсий касбий режаларини шакллантиришга шароитларни яратишга психологик кўмаклашиш;
- иқтидорли ёшлар салоҳиятларини намоён этишларига кўмаклашиш, уларнинг билиш фаолияти ва қизиқишларини бойитиш, дунёни идрок этишнинг универсал усулларини шакллантириш учун психологик ёрдам тизимини яратиш асосида уларни психологик қўллаб-қувватлаш;
- аҳолига психологик хизматнинг талаб қилинадиган даражаси ва сифатини таъминловчи меъёрий, моддий-техника ва ахборот базасини яратиш, жумладан, онлайн психологик хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;
- аҳоли бахтлилик даражаси, соғлиқни сақлаш, хусусан ментал саломатлик, стрессдан ҳимояланиш йўналишидаги тадқиқотларни амалга ошириш;
- фавқулодда ҳолатлар шароитида психологик хизмат кўрсатиш, ҳаёт фаолиятида оғир психологик ҳолатларга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган тренинг-реабилитация дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
- болаларнинг мактабгача бўлган даври ривожланиши, идрок, онг ва хулқ-атвор, когнитив ва ижтимоий психология соҳасидаги илғор тажрибаларни ўзлаштириш ва оммалаштириш;
- психологик маърифат ва маслаҳат бериш фаолиятини тизимли ташкил этиш, унинг узлуксиз методик таъминотини яратиш;
- тиббий ва клиник психология, психолингвистика, психогенетика, бошқарув психологияси, савдо психологияси, геронтопсихология, кросс-маданий психология, меҳнат психологияси, ташкилий психология каби долзарб йўналишларда кадрлар тайёрлашни ривожлантириш;
- психология соҳасида замонавий ўқув, илмий ва оммабоп адабиётларни тайёрлаш, нашр этиш ва оммалаштириш ишларини тизимли йўлга қўйиш;
- ёш психологияси, психофизиология, тиббий психология, психотерапия, патопсихология, дифференциал психология, педагогик психология, психодиагностика, генетик психология каби соҳаларда фундаментал, амалий тадқиқотларни ривожлантириш;

















