Ўзбекистон пандемиядан кейинги дунёга барқарор ва зарбаларга бардошли иқтисодиёт билан кириш имкониятига эга. Бу келажакнинг калитларидан бири – тоза энергиядир.
Электр энергияси тақчиллигини бартараф этиш бизнес самарадорлиги ва ўсишни таъминлаш, иш ўринлари яратиш ва қашшоқликни камайтириш учун жуда муҳимдир. Марказий Осиёдаги энг йирик энергия бозорларидан бири сифатида, ҳозирда ишлаб чиқариш қуввати 12,9 гигаватт бўлган Ўзбекистон ушбу сектордаги муаммоларни ҳал қилиш ва мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлаш учун жуда яхши имкониятларга эга.
Сўнгги 15 йил ичида Ўзбекистоннинг энергия сиғими тахминан 45 фоизга камайди. Бироқ мамлакат дунёдаги энг кўп энергия сарфлайдиган мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда – бу рақам қўшни Қозоғистондан 35 фоиз ва Германиядан уч баравар юқорироқни ташкил қилади.
Яхши томони шундаки, Ўзбекистоннинг қайта тикланадиган энергия манбалари салоҳияти, яъни гидроэнергетика, қуёш ва шамол энергияси мамлакатнинг ўсиб бораётган энергия эҳтиёжларини қондириши ва тоза энергия иқтисодиётига ўтишини таъминлаши мумкин. Аммо, гидроэнергетикадан ташқари, қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш даражаси пастлигича қолмоқда. Буни ўзгартириш талаб этилади.
Қайта тикланадиган энергия мамлакатда ишлаб чиқариладиган жами электр энергиясининг 85 фоизини ташкил этувчи табиий газга бўлган боғлиқликни камайтиришга ёрдам беради.
Қайта тикланадиган энергетика соҳасини ривожлантириш бизнес учун янги имкониятлар яратади. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукуматига 2010 йил билан солиштирганда 2030 йилга келиб ялпи ички маҳсулотнинг бирлигига нисбатан атмосферага чиқариладиган газ миқдорини 10 фоизга камайтириш бўйича ўз мажбуриятини бажаришда ёрдам беради.
COVID-19 сабабли Ўзбекистонда январ-июн ойларида татбиқ этилган карантин чораларининг икки тўлқини иқтисодий фаолиятни секинлаштирди. Натижада ЯИМ ўсиши 2020 йилнинг биринчи ярмида биринчи чоракдаги 4,1 фоиздан 0,2 фоизгача пасайиб кетди. Инфратузилмадаги муаммоларни бартараф этиш ва қайта тикланадиган энергия ечимларини жорий этиш халқнинг барқарорлигини ошириш, соғлиқни сақлаш ва давлат хизматларини кўрсатиш учун ресурсларни бўшатиш ва иқтисодиётни тиклашни рағбатлантириш учун жуда муҳимдир.
Ҳукумат аллақачон электр энергиясини ишлаб чиқариш таркибини диверсификация қилиш устида ишламоқда ва 2030 йилга қадар электр энергияни ишлаб чиқаришда қайта тикланадиган манбалар улушини умумий электр энергиясининг 25 фоизигача оширишга эътибор қаратган.
Бунга эришиш учун ислоҳотлар энергия ва ресурсларни тежашдаги учта тўсиқни – норматив-ҳуқуқий ва институционал, молиявий ва техник тўсиқларни бартараф этишга қаратилган бўлиши керак. 2019 йил март ойида ҳукумат учта йўналишли ёндашувни, яъни вертикал равишда бирлаштирилган тизимни ажратиш, тариф ислоҳотини ва энергия ишлаб чиқаришга хусусий сектор сармояларини жалб қилишни назарда тутадиган илғор ва кенг кўламли ислоҳотлар режасини ташаббус қилди.
















