Ўзбекистон | 15:18 / 25.12.2020
4668
2 дақиқада ўқилади

Mitsubishi Навоийда қиймати деярли 1 млрд долларга тенг бўлган кимё мажмуаси қурилишини якунлади

2016 йил сентябр ойида “Навоийазот” акциядорлик жамиятида қурилиши бошланган “Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш” мажмуасида барча ишлар якунланиб, 2020 йил 23 декабрь куни илк карбамид маҳсулоти олинди.

Фото: Ўзкимёсаноат

“Ўзкимёсаноат” матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳа қиймати 985,7 млн долларга тенг бўлиб, молиялаштириш 577 млн доллар миқдоридаги Япония банклари ва молиявий институтлари кредитлари, 320 млн доллар Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредити ҳамда 88,7 млн доллар корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.

Мажмуа Япониянинг Mitsubishi Heavy Industries Ltd ва Mitsubishi Corporation компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилди. Ишлаб чиқариш технологиялари дунёнинг энг етакчи компаниялари, хусусан, аммиак ишлаб чиқариш бўйича Даниянинг Haldor Topsoe, карбамид ишлаб чиқариш бўйича Италиянинг Saipem компанияси ҳамда карбамид грануляцияси бўйича эса Германиянинг Uhde компаниялари томонидан етказиб берилди. Асосий технологик ускуналар Япония ва Европадан келтирилди.

Лойиҳани ишга тушириш ва созлаш ишлари жорий йилнинг октябр ойида бошланди ҳамда 53 кунда тайёр маҳсулот олишга эришилди. Бу Mitsubishi Heavy Industries Ltd ва Mitsubishi Corporation компаниялари тарихидаги рекорд кўрсаткич бўлгани айтилади.

Мажмуада 660 минг тонна аммиак ва 577,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқарилади. Аммиакнинг 330 минг тоннаси янги карбамид ишлаб чиқаришга ва 330 минг тоннаси мавжуд аммиакли селитра ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Лойиҳа тўлиқ қувватга чиққанда 1,4 трлн сўмлик товар маҳсулот ишлаб чиқарилади ва кимё тармоғининг 9,5 фоизга ўсишига олиб келади. Йилига бюджетга 600 млрд сўм миқдоридаги тушумларни таъминлайди ҳамда 58 млн долларлик қўшимча маҳсулот экспорт қилинади.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида 1964 йилда қурилган “Навоийазот” АЖ 1- ва 2-аммиак ишлаб чиқариш цехлари фойдаланишдан чиқарилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид