16:55 / 28.12.2020
10281

Пахта мавсумида меҳнат қонунчилигини бузган мансабдорларга қанча жарима қўллангани маълум қилинди

2020 йилдаги пахта терими даврида меҳнат қонунчилиги бузилганлиги учун 174 нафар мансабдор шахсга нисбатан жами 745 млн 712 минг сўм миқдорида маъмурий жарима тайинланди.

Бу ҳақда 28 декабр куни АОКАда ўтказилган брифингда Давлат меҳнат инспекцияси Бош давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Гулруҳ Ниязметова ахборот берди.

«Жорий йилда Давлат меҳнат инспекцияси томонидан фермер хўжаликлари ва кластерларда 3048 дан ортиқ мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатини ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида 96 минг нафардан ортиқ теримчи ва ишчи ходимлар билан суҳбат ўтказилиб, меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилиши таҳлил қилинди.

Натижада мажбурий меҳнатга йўл қўйилган 47 та ҳолат пахта йиғим-терими билан боғлиқ бўлиб, шундан 6 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилди.

Пахта йиғим-терими даврида ДМИ томонидан меҳнат қонунчилиги бузилгани учун 174 нафар мансабдор шахсга жами 745 млн 712 минг сўм миқдорида маъмурий жарима тайинланди.

ДМИнинг сайт ва телеграм тармоқлари орқали пахта йиғим-терими даврида меҳнат ҳуқуқи бузилишларига оид жами 790 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан call-марказимиз орқали 461 та, веб-сайт орқали 15 та, ижтимоий тармоқлар орқали 113 та ҳамда 201 та ёзма ариза қайд этилди», — деди инспекция ходими.

Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, брифингда мажбурий меҳнатга энг кўп йўл қўйган вилоят, меҳнат қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ҳам маълумот берилган.

«Аниқланган мажбурий меҳнат ҳолатларига ҳудудлар кесимида қарайдиган бўлсак, жорий йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнатнинг асосий қисми Наманган вилоятида кузатилди.

Шунингдек, Жиззах, Тошкент, Сурхондарё, Хоразм, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Фарғона вилоятларида ҳам бу каби ҳолатлар қайд этилди.

2020 йилнинг жорий даврига қадар ДМИнинг иш юритувига жами 23615 та мурожаат келиб тушган бўлса, шулардан 13360 таси қаноатлантирилди. Фуқароларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланди.

Шунингдек, иш ҳақларини ўз вақтида бермаган, ходимлар учун зарур шароитлар яратмаган ҳамда тегишли тартибда меҳнат шартномасини тузмаган 127 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди.

Блогерлар томонидан жойларда меҳнат қонунчилиги талабларига амал қилмаслик бўйича ижтимоий тармоқларда ёритилган жами 113 та хабар зудлик билан жойларда ўрганилди. Улардан 25 тасида келтирилган важлар ўз тасдиғини топди», деди мутахассис.

Аввалроқ, 2020 йилги пахта йиғим-терими мавсумида158 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилгани, ушбу даврда мажбурий меҳнатдан азият чеккан 650 нафардан ортиқ фуқаро аниқлангани хабар қилинганди.

Top