Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг 2021 йилдан бошлаб ҳудудларда янги ташкил этилган хизмат кўрсатиш субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ишлаб кетишига кўмаклашиш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи “бизнес-патронаж” тизимини йўлга қўйиш бўйича таклифлари маъқулланиши мумкин:
- Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлинмалари томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ташаббускорларнинг лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш;
- аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш дастурлари доирасида давлат томонидан компенсацияланадиган йиллик ўқитиладиганларнинг камида 40 фоизини хизматлар соҳаси бўйича тайёрлаш;
- аҳоли қатламларини тадбиркорликка ўқитиш ва унга жалб қилиш лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастури доирасида молиялаштириладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари лойиҳаларининг камида 50 фоизини хизматлар соҳаси бўйича ажратиш;
- оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида назарда тутилган кредит маблағларининг камида 30 фоизи хизматлар соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилади.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2021 йил 1 январдан:
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг хизматлар соҳасидаги фаолият самарадорлиги ҳар йил якуни бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш даражаси билан баҳоланади;
истироҳат боғлари ва хиёбонларнинг 15 фоизгача бўлган ҳудудида енгил конструкцияли савдо, умумий овқатланиш, кўнгилочар объектлари ва кўчма савдо шохобчаларини ташкил этишга рухсат этилади;
қишлоқ аҳоли пунктларида аҳолига комплекс хизматлар кўрсатувчи маиший хизматлар уйини ташкил этиш учун бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш орқали сотилади.











