Вазирлар Маҳкамасининг “Франция тараққиёт агентлиги иштирокида “Навоий вилояти Кармана шаҳрида оқава сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича:

а) Франция тараққиёт агентлиги томонидан Ўзбекистонга “Навоий вилояти Кармана шаҳрида оқава сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш” лойиҳасини амалга ошириш учун 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган 20 йил мобайнида қайтариш муддати билан 26,7 млн. евро миқдоридаги қарз ажратилиши маъқулланган;

б) лойиҳанинг умумий қиймати 30,0 млн. еврони, шу жумладан:

Агентлик қарзи – 26,7 млн. еврони;

лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистоннинг ҳиссаси – 
қўшилган қиймат солиғини қоплаш, солиқ ва божхона имтиёзлари кўринишда 3,3 млн. еврони ташкил этади;

в) лойиҳани амалга ошириш даври 4 йилни (2021-2024 йиллар) ташкил этади.

Белгилаб қўйилишича:

“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун зарур ташкилий-техник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилишини, Агентликнинг қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлайдиган масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

ижро этувчи орган ҳузурида Агентлик қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Агентлик иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи ташкил этилади;

Навоий вилояти ҳокимлиги “Ўзсувтаъминот” АЖ билан биргаликда лойиҳаларнинг сифатли амалга оширилиши ва Агентлик қарз маблағларининг қайтарилиши учун жавобгарлик юкланади;

Лойиҳани амалга ошириш даврида молиявий ва бошқа харажатларни тўлаш Агентлик қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон молия вазирига:

Ўзбекистон номидан Агентлик билан лойиҳани амалга ошириш учун қарз битимини;

Навоий вилояти ҳокимлиги ва “Ўзсувтаъминот” АЖнинг “Навоий сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти ўртасида Агентлик қарзини қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилади.