Умуман медиа, мултфилм, кино, сериал, реклама, китоблар – буларнинг барчаси томошабин хулқ-атворини, нима ўйлаши ва ҳатто нима ҳақида орзу қилишини ҳам белгилаб беради.
Aмерикалик тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, киши кўрган ёки эшитган ҳикоялари мияда қайта такрорланади. Мия доимий кўрадиган ахборотларини соддалаштириш ва маълумотларни ташкиллаштириш учун уларни бўлакларга бўлишга муҳтож. Шу бўлаклар йиғилиб, кишининг дунёқараши шаклланади ва қабул қилган нарсаларидан маъно чиқаришни бошлайди.
Натижада экрандаги бирор қаҳрамон ҳис қилган нарсани секинлик билан томошабин ҳам ҳис қилади. Ёлғонми, чинми унга ишонади, реал ҳаётда қўллайди ёки бошқалардан экран қаҳрамонларидаги муносабатни кутади.
Филмларнинг онгга таъсири – ирқчилик муаммоси мисолида
Британиялик олимлар 2006–2016 йилларда британ филмларида ўйналган 45 минг қаҳрамон устида тадқиқот ўтказди. Ушбу ролларнинг атиги 0,5 фоизигина қора танли британияликлар томонидан ўйналган. Лекин жиноий мавзулардаги филмларнинг 64 фоизини қора танлилар ўйнаган. Устига-устак, филмларда қора танлиларни жаҳлдор, жиноятчи, зўравон қилиб тасвирлаш урф бўлган.
Қора танли қаҳрамон экранда акс этишни бошласа, оқ танлилар орасида ирқчилик ғоялари, мустамлакачилик, қора танлиларга қаршилик ва қулдорлик ёдга тушган.
Умуман, қора танлилар қандай бўлиши ҳақидаги ғоя бутун тарих давомида оқ танлилар томонидан филмларга моҳирлик билан сингдириб келинган. Бунда, режиссёрларни ҳам ўзлари кўрган филмларнинг қурбони дейиш мумкин: улар ғайриихтиёрий тарзда салбий қаҳрамонлар ролига кўпроқ қора танли актёрларни танлашади.
Шу боисдан ҳам айтиш мумкинки, медиа – шахсни шакллантирувчи куч; у бирор ғояга нисбатан ишонч уйғотади, тасаввур шакллантиради ёки мавжуд тасаввурларни ўзгартиради.
Сериаллар тарихига қисқа назар
Бир неча қисмли, бир-бирига боғланган воқеаларни кетма-кет қисмларга бўлиб, эфирга узатиш 1930 йилларда Aмерика радиоларида бошланган. Сериaлларнинг асосий аудиторияси уйда ўтирадиган аёллар ҳисобланган. Ўша пайтда Aмерикадаги ҳар 4 аёлдан 3 нафари уй бекаси эди.
Радиокомпаниялар рекламадан даромадларни кўпайтириш мақсадида серияли эпизодларга ҳомийлик компаниялар излай бошлайдилар. Бунда асосан ўзларининг аудиториясига мос келадиган, аниқроғи рўзғор буюмларини сотадиган корхоналарни қидиришади. Даставвал сериаллар орасида совун ва шунга ўхшаш хўжалик маҳсулотлари реклама қилинган. Шунинг учун ҳам сериал сўзининг таржимаси инглизчада – «soap opera». Яъни «soap» – совун деган маънони англатади.














