Ўзбекистон | 16:21 / 04.01.2021
27309
3 дақиқада ўқилади

24 йил ичида Ўзбекистонда содир бўлган қор кўчкиларида неча киши ҳалок бўлгани айтилди

Ўзбекистонда 1996-2020 йилларда қор кўчкиси билан боғлиқ 14 та фавқулодда вазият юзага келиб, уларда 52 нафар инсон ҳалок бўлган ҳамда 29 нафар фуқаро жабрланган.

Иллюстратив фото

Бугун, 4 январ куни, АОКАда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан «Тоғ ҳудудларида қор кўчиши хавфи, бу жараёнда фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш» мавзусида брифинг ўтказилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг 20 фоизга яқин ҳудуди тоғли ҳудудлардан ташкил топган бўлиб, қор кўчкилари Жиззах вилоятининг Зомин, Фориш, Самарқанд вилоятининг Булунғур, Тойлоқ, Ургут, Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Сариосиё, Олтинсой, Қашқадарё вилоятининг Китоб, Деҳқонобод, Яккабоғ, Наманган вилоятининг Поп, Чуст, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон туманларининг тоғли ҳудудларида содир бўлиш эҳтимоли юқоридир.

Ушбу вилоятлар ичида Тошкент ва Наманган вилоятларида содир бўладиган қор кўчкилари асосан аҳоли ҳаракатланадиган жойларга тўғри келади.

«Ушбу ҳудудлар Тошкент вилоятининг Чимён, Белдирсой ҳамда Тошкент, Наманган вилоятлари оралиғидаги «Қамчиқ» довонидир.

Маълумотларга кўра, қор кўчкиси билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар айнан мана шу иккала вилоятда кўп қайд этилган. 2020 йилнинг ўзида мазкур ҳудудларда 30 га яқин қор кўчкиси юзага келган. Афсуски, 1996-2020 йилларда қор кўчкиси билан боғлиқ 14 та фавқулодда вазият юзага келиб, уларда 52 нафар инсон ҳалок бўлган. 29 нафар фуқаро жабрланган.

Қор кўчкисининг юзага келишига асосий сабаб тоғ ёнбағирларига кўп миқдорда қор ёғиши, қор қоплами қатламининг бузилиши, қордан сўнг ёмғир ёғиши, куннинг кескин исиши, ер тебраниши ва кучли овоз туфайли ҳаводаги тебранишлардир», – дейди ФВВ матбуот хизмати раҳбарининг ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев.

Маълум қилинишича, қор кўчкиси гидрометеорологик хавфли ҳодиса бўлиб, бошқа фавқулодда вазиятлар орасида уни олдиндан башоратлаш имкони мавжуд. Бунда аҳолини юзага келиши мумкин бўлган қор кўчкиларидан тезкор равишда огоҳлантириш тадбирлари Гидрометеорология хизмати маркази ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, шунингдек, мобил оператор ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилади. Бунга мавсумий характерга эга бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган турли SMS хабарлар мисол қилиб келтирилди.

«2020 йилнинг 1 январидан 31 декабр кунига қадар жами 170 га яқин SMS хабар юборилди. Шунингдек, вазирлик қор кўчкиси билан боғлиқ фавқулодда вазиятларга тушиб қолмаслик учун аҳолидан қор кўчкиси хавфи эълон қилинган кунлари тоғли ҳудудларга чиқмасликларини сўрайди», – дея қўшимча қилди ФВВ ходими.

Мавзуга оид