Туркияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик таниқли журналист Абдукарим Мирзаев қарийб бир ойдан буён ҳибсда қолмоқда. У «шубҳали шахслар» билан алоқадорликда гумонланиб, 11 декабрга ўтар кечаси Истанбулда қўлга олинган эди.

Сўнгги маълумотларга кўра, журналистга нисбатан гумонлар ўз тасдиғини топмаган. Шунга қарамай, уни депортация қилиш ҳақидаги қарор ҳамон бекор қилинмасдан қолмоқда ва журналист депортация бўлинмасида сақланмоқда.

Унинг «Регистон» онлайн телеканалидаги ҳамкасби Тоҳир Абдуллонинг айтишича, Абдукарим Мирзаев билан алоқага чиққан 6 нафар шубҳали шахс айбсиз деб топилгани ҳақида хабар олинган.

«Бу – хушхабар. Уларни деб Абдукарим акани ушлаб туришган эди. Бунинг натижаси эндиликда Aбдукарим Мирзаевнинг ҳам қўйиб юборилишига олиб келади, иншааллоҳ», – деди Тоҳир Абдулло 5 январ куни YouTube'даги телеканалнинг жонли эфирида.

У Мирзаев қўлга олинганига 26 кун ўтганига муносабат билдираркан, хорижлик гумондор шахснинг бунча вақт ушлаб турилиши Туркия шароитида кўп муддат ҳисобланмаслигини билдирди.

«Туркияда чет эл фуқароси шубҳа асосида ҳибсга олинса, айби исботланмаса-да, уни қўйиб юборишгача бўлган жараёнлар камида 2–3 ой, бўлмаса 6 ойгача чўзилади», – деди Тоҳир Абдулло.

«Registon TV» вакили жамоатчиликни хотиржамликка чақириб, зарур барча чоралар кўрилаётганини қайд этди; Абдукарим Мирзаев ишидан Ўзбекистон ва Туркиянинг юқори турувчи тегишли органлари хабардор эканини қўшимча қилди.

«Ҳар ернинг ўз бюрократияси, расмиятчилиги бор, буни биз тўғри тушунишимиз керак. Ўтган 26 кунлик муддат Туркия шароитида нормал ҳолат эканини эслатиб ўтмоқчиман», – дея қайд этди у.

Тоҳир Aбдулло ҳамкасби билан деярли ҳар куни телефон орқали боғланиб турганини ҳам айтиб, у ҳозирда сақланаётган жой жиноятчилар сақланадиган жой эмаслиги, муайян шароитлар борлигини ҳам маълум қилди.

Журналистнинг адвокати – воқеа тафсилотлари ҳақида

5 январ куни телеканал ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Абдукарим Мирзаевнинг вакили адвокат Маҳмуд Саид Арслоннинг баёнотини ҳам эълон қилди.

Адвокатнинг сўзларига кўра, 10 декабр куни Истанбул прокуратураси буйруғи билан Абдукарим Мирзаевнинг уйида тинтув ўтказилган ва унинг телефони текширилган. Бирор жиноятга шубҳа туғдирадиган ҳеч қандай ҳолат аниқланмагани сабабли терговни олиб борувчи прокурор гумонланувчидан ҳатто кўрсатма ҳам олиб ўтирмаган.