Ўзбекистон | 08:15 / 05.01.2021
3287
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Исломобод ўртасида чартер рейслари йўлга қўйилади

Фото: Richard Maslen

Ўзбекистон элчихонаси Покистоннинг «Serene Air» авиакомпанияси тижорат ишлари бўйича бош директори Холид Башир билан видеоконференция ўтказди, деб хабар беради «Дунё».

Онлайн-тадбирда Ўзбекистон томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Улуғбек Аъзамов, транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Музаффар Комилов иштирок этди.

Мулоқотда Ўзбекистон зиёрат туризмини тарғиб қилиш доирасида Исломобод ва Тошкент ўртасидаги чартер рейсларининг техник масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ўзбек авиакомпанияларининг Покистонга парвозларини кўпайтириш, хусусан, «Тошкент-Исломобод-Тошкент» йўналишини очиш масаласини кўриб чиқди.

Учрашув давомида, шунингдек, Покистондан юк ташиш рейсларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди, хусусан, иштирокчилар парвозлар географиясини кенгайтириш тўғрисида келишиб олди.

Холид Башир авиакомпания Ўзбекистонга тўғридан тўғри рейсларни амалга оширишга тўлиқ тайёрлигини билдирди. Унинг сўзига кўра, бугунги кунда компания паркида 5та «Боинг 737-800» ва битта «А-330» самолёти мавжуд. Ушбу маркадаги яна иккита самолёт 2021 йил январ ойининг охирига қадар фойдаланишга топширилади.

Ўзбекистон ва Покистон авиация маъмурлари ўртасида икки томонлама келишувлар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, «Serene Air» қисқа вақт ичида зиёрат туризми доирасида Ўзбекистонга чартер рейсларини амалга ошириш учун ўзбек томонига керакли мурожаатларни юборади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид