15:18 / 06.01.2021
14983

Козим Тўлаганов сифатсиз қурилишларга йўл қўймаслик учун кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди

Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида қурилиш вазири ўринбосари Козим Тўлаганов қурилаётган объектларнинг сифати қандай назорат қилинаётганига тўхталиб, қурилиш жараёнида аниқланган камчиликлар бузиб қайтадан тўғриланмагунга қадар уларнинг молиявий таъминоти тўхтатиб қўйилаётганини маълум қилди.

«2020 йил давомида қурилиш назоратини кучайтириш бўйича ҳукуматнинг учта қарори чиқди. Бугунги кунда қурилаётган ҳажмни олсак, бир йилда 20 минг атрофида иморат қуриляпти. Шуларда 60 мингга яқин назорат ўтказилиб, 15 мингга яқин қайтадан қилиш масалалари мажбурий шарт қилиб қўйилди. Бузиб қайтадан жойига олиб келмагунча унинг молияси тўхтатиб турилди. 80 миллиард сўмга яқин маблағни то сифат тўғриланмагунча тўхтатиб қўйдик. Рўйхатдан ўтган ҳамма объектларнинг назорати бор. Бириктирилган инспектор тизимли равишда чиқиб ҳаммасини кузатиб турибди.

Қилаётган асосий ишларимиздан яна биттаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини шаффоф қурилиш тизимига ўтказдик. Ўша инспектор ҳар бир объектга борганда кимга қанча топшириқлар берди, уни бажариш учун қанча муддат белгилади, буларнинг ҳаммаси шаффоф тизимга ўтказилди. 1 январдан бутун республикадаги ҳамма қурилиш шаффоф тизимга ўтказилмоқда. Тизимда қурилиш юзасидан қанча эътироз берилган, ким қабул қилиб олган, қанча муддатда бажарилиши керак – ҳаммаси кўриниб туради», дея Козим Тўлагановнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Қурилиш вазирлиги томонидан ишга туширилган «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • объектларнинг манзилли дастури, объектларнинг йиллик манзилли рўйхати шакллантирилишини, маълумотлар базаси янги қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш объектлари бўйича турларга бўлиб юритилишини таъминлаш;
  • объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда ҳудудий ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари томонидан лойиҳаолди ишларининг амалга оширилиши, буюртмачи билан лойиҳа ташкилоти ўртасида шартнома тузилиши ва аванс маблағлари ажратилиши ҳамда ишлар тугалланганлиги тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотларнинг мунтазам электрон базага киритиб борилиши ва юритилишини таъминлаш;
  • лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда буюртмачи ва экспертиза ташкилоти ўртасида тузилган шартномалар, кўрсатилган хизматларнинг молиялаштирилганлиги, тугалланган лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизадан ўтказилганлигига оид электрон маълумотлар базасини шакллантириш;
  • объектлар қурилишини молиялаштиришда пудратчи билан буюртмачи ўртасида шартнома имзоланганлиги ва аванс маблағлари тўланганлиги, ойма-ой бажарилган ишларнинг ҳисоботини юритиш ва бажарилган ишларга нисбатан мутаносиб равишда молиялаштирилганлиги тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотларнинг электрон базасини шакллантириш;
  • объектлар қурилишида иштирок этаётган барча пудратчилар ва ёрдамчи пудратчилар ҳақида маълумотларни йиғиш, бажарилган иш ҳажмлари асосида тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, улар томонидан амалга оширилаётган иш турлари бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш;
  • объектларда қурилиш жараёнларини назорат қилиш ва мониторинг олиб боришда уларни рўйхатга олиш, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан амалга оширилаётган назорат текширувларини ва кўрсатиб ўтилган камчиликларни қайд этиш, уларни бартараф этиш бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш.
Top