16 декабр куни Италиянинг Массимо Ди Палермо театрида замонавий классик мусиқа олами учун аҳамиятли концерт бўлиб ўтди. Унда таниқли Омер Меир Велбер дирижёрлиги остидаги оркестр Гайдн, Шуман каби тан олинган ижодкорларнинг сараланган асарларини ижро этди.

Концертнинг энг ёрқин ва эсда қоларли қисми сифатида якуний қисм эътироф этилди – Европада фаолият олиб борувчи ўзбекистонлик бастакор Азиза Содиқованинг янги асари ижроси кулминацион нуқта бўлди.

Массимо Ди Палермо театри, 2020 йил 16 декабр

Азиза Содиқова ҳозирда Берлин ва Тошкентда яшаб, ижод қилмоқда. У энг нуфузли минбарларда ҳам Ўзбекистон номидан чиқади, чиқишларида миллий либосларни танлайди.

Қизиғи, асарлари жаҳон миқёсида машҳур оркестр ва дирижёрлар томонидан ижро этилгани, нуфузли санъат даргоҳларида у яратган куйлар жаранг сочганига қарамай, Азизани ўз она юртида биладиганлар жуда кам.

Бастакорнинг ўзи бунга шундай муносабат билдиради:

«Чунки қизиқиш йўқ. Бутун диққат-эътибор поп маданиятга, юлдузлардек муносабатда бўлинадиган артистларга қаратилган. Европада яшайдиган ва бу ердаги концертларимдан хабардор бўлган дўстларим Ўзбекистонда мени «пайқашмасликлари»дан ажабланишади. Ҳақиқатан ҳам ғалати ҳолат, чунки мен Европада фаолият кўрсатиб, мамлакатни жаҳон маданий саҳнасида намойиш этаётган ягона ўзбек бастакориман».

Kun.uz мухбири Азиза Содиқова билан суҳбатда бўлди.

– Нега ижодий фаолиятингизни Европа билан боғлагансиз? Карьерангизни Ўзбекистонда давом эттириш ниятингиз ҳам борми?

– Тошкент давлат консерваториясида 2-курсни тамомлагач, стипендия бўйича таҳсил олиш учун Буюк Британияга кетдим. Бу 90-йиллар бўлиб, мамлакатда қайта қуриш жараёни кечарди.

Афсуски, деярли барча мусиқачи ҳамкасбларим, асосан пианиночи ва скрипкачилар четга чиқиб кетишаётган эди. Чунки ҳамма иқтисодиётга ўзини урган, молиячи, банкирларга талаб ортган эди. Илгари эса консерваторияда таҳсил олишни ҳамма орзу қилар, бу жуда обрўли эди. Деярли ҳамма, айниқса қизлар фортепиано чалишни билишарди. Ҳозир эса постсовет ҳудудида бундай ҳолатни учратмайсиз.