Kun.uz мухбири Хуршида Убайдуллаева билан олималик машаққатлари, аёл учун илмнинг аҳамияти хусусида «Ўзбекойим» рукнида суҳбатлашди.

Аёл олима учун атрофдагиларнинг тушуниши муҳим

– Аёл сифатида ҳам оила, ҳам илмни қилишда қийинчиликлар, оилада келишмовчиликлар бўлган. Аммо аёл киши илм қилишида атрофдагиларнинг қўллаб-қувватлаши муҳим.

Инсон улғайгани сари ҳамма нарсага улгурса бўлади, деган кўникма пайдо бўлар экан. Ҳам оилани, ҳам илм-фанни баравар олиб боришга ҳаракат қилардим. Илмий ишлар жараёнида тунги 10-11гача қолиб кетардик. Турмуш ўртоғим аввалига тушунмадилар, тушунишни истамадилар. «Сен уч боланинг онасисан. Оила биринчи ўринда бўлиши керак», дердилар. «Оилани ҳам, илмни ҳам қилишга ҳаракат қиламан», дердим. Одамзот ўз олдига тўғри мақсад қўйса, шунга яраша ҳаракат қилади. Эрталаб бирон иш қилмасам, қайнонам хафа бўлмасинлар, турмуш ўртоғим норизо бўлмасин деб ҳам улгуришга ҳаракат қилардим.

Яқинда қайнонам: «Хуршида, балки энди бас қиларсиз, чарчадингиз, болаларни уйли-жойли қилиш керак», деб қолдилар. «Ҳаммаси ўз вақтида бўлади. Унисини ҳам, бунисини ҳам қиламиз. Мен энди докторликка эришдим, нечта шогирдим қараб турибди, қандай қилиб бу қоракўзларни ташлаб кетаман? Давлат олдида қанча қарзим турибди, давлатимга қанча ишлаб беришим керак», деб тушунтирдим. Тушундилар. Улар тушунганлари учун ҳам мен бу фаолиятим билан машғулман.

«Болаларимга меҳр бера олмадим, лекин улар мустақилликка ўрганишди»

– Болаларимга тўлақонли она меҳрини бера олдим, деб ўйламайман. 2008 йилларда пахтанинг «Порлоқ» навлари устида ишлаётган давримизда далаларга чиқиб кетардик, кечки пайт ҳам лабораторияларда иш давом этар, болаларим боғчада кечки сменада қолиб кетишарди. Боғча опасига қўнғироқ қилиб, ҳозир илмий ишимни ташлаб кетишим қийин, қараб туринг, деб илтимос қилардим.

Институтдан чиқиб боғчага етиб боргунимча 10-11 бўлиб кетарди. Ўша боғча опага ҳозир мингдан-минг раҳмат айтгим келади. «Қизим, ҳеч ҳам хижолат бўлма. Мен илмни яхши кўраман, болаларингни ушлаб тураман», дердилар.

Фарзандларимга «сизларга тўла меҳр бера олмадим», десам, «она, ҳеч ундай деманг. Қийналганимиз учун ҳам ўзимиз оёққа турдик. Агар сиз ҳамма нарсани муҳайё қилганингизда, балки мақсадларимизга етишмасмидик», дейишади. Онамизнинг вақти йўқ, деб кўп жойларга ўзлари боришар, масалаларини мустақил ҳал қилишарди.