Ўзбекистон | 12:02 / 06.01.2021
12975
2 дақиқада ўқилади

Сенаторлар Конституцияга киритилаётган ўзгартишларни маъқуллади

Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқиш якунида ушбу Қонунни маъқуллашди.

Конституцияга киритиладиган ўзгаришлар асосан судлар фаолиятига оид бўлиб, 14та ҳудудда умумюрисдикция судлари ташкил этилади, туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади.

Маълумот учун, жамоатчиликда пайдо бўлган ҳақли эътирозлардан сўнг, 2020 йил 30 декабр куни «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун матни Сенат сайтида эълон қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Сенат кенгаши 11 декабрдаги қарори билан Конституцияга ўзгартиш киритиш масаласини палатанинг 18 декабрдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритган эди.

Бу қандай ўзгариш экани жамоатчиликка маълум қилинмади. Қонунни депутатлар қачон қабул қилиб улгургани ҳақида ҳам саволлар пайдо бўлди.

18 декабр куни эса Сенат ялпи мажлисида раис Танзила Норбоева Конституцияга ўзгартиш киритиш ҳақидаги қонун бу мажлисда кўрилмаслигини, бу масалада халқ билан бамаслаҳат иш қилинишини айтди.

Маълум бўлишича, ялпи мажлисдан бир кун олдин Сенат кенгашининг қарори чиқарилган бўлиб, унга биноан «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун ялпи мажлис кун тартибидан олинган.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясига шу пайтгача 14 марта ўзгартиш киритилган.

Конституциянинг энг сўнгги 128-моддаси талабига кўра, Олий Мажлис тегишли таклиф киритилгандан кейин 6 ой мобайнида Конституцияга ўзгартиш ва тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид