Фарғоналик Абдуҳошим Эргашев рўзғор тебратиш, ишлаб пул топиш илинжида икки йил аввал Россияга кетган эди. Пандемия шароитида, қийинчиликлар билан меҳнат қилиб қайтган ота уйга кириб келган кун ўғли сувга тушиб, изсиз йўқолди.
Ота остона ҳатлашидан бир неча соат аввал 16 яшар бола Катта Фарғона каналига тушиб, қайтиб чиқмади.
22 декабр куни соат 19:00ларда Ёзёвон тумани ИИБ навбатчилик қисмига берилган хабарга кўра, 2004 йилда туғилган А.А. Катта Фарғона магистрал каналининг Тараққиёт маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмида ўзини ташлаб, оқиб кетган ва сувдан қайтиб чиқмаган.
Болани қидириш шундан буён ҳозир ҳам давом этмоқда. «Тараққиёт» МФЙга кираверишда маҳалла аҳли чайлалар қуриб олишган. Маҳалладошлар бола сувдан бехос чиқиб қолишини пойлаб, чайла атрофида гулхан ёқиб исиниб ўтиришибди.


Ўзини боланинг қариндоши деб таништирган Абдуваҳоб Абдулазизов биз билан суҳбатда масъуллар сув сатҳини пасайтириб беришгани, ғаввослар ҳам жасаднинг топилишида қўлидан келганича ҳаракат қилишаётгани, бола дўстлари билан гаров ўйнаб сувга тушгани ва ундан қайтиб чиқмагани, энг ачинарлиси эса ўша куни 2 йил деганда Россиядан қайтган дадаси Абдуҳошим ака ўғлининг дийдорига тўя олмай бўзлаб қолгани ҳақида сўзлаб берди.

Маҳалла фаоли Ҳусанбой Қўчқоров ҳам Бўтқачи қишлоғи аҳли жабрдийда оилага мадад бўлаётгани ҳақида айтиб ўтди.
«Интернетда кезиб юрган лавҳани кўриб, очиғи ўзимни тўхтата олмадим. Кейин билсам, ҳамқишлоғимиз бошига мусибат тушган экан. Ота ўғлини сув остидан қидириб топа олмай адойи тамом бўлди», – дейди Ҳусанбой ака.
Йўлда давом этарканмиз, бола чўккан жойгача бўлган оралиқда яна шундай 3 та чайла тикилганига гувоҳ бўлдик. Канал ёқалаб анча одам йиғилган, кимдир ўтин ёрган, кимдир қайиқда сузиб юрган қутқарувчиларни арқонда тортган, яна кимлардир эса кийимини алиштириб қайиққа чиққан.



















