Kun.uz’га навбатдаги мурожаат Самарқанд вилояти Иштихон тумани «Ҳумо» маҳалла фуқаролар йиғини Чайжаул қишлоғи аҳолисидан йўлланди. Унда ёзилишича, қишлоқда битта трансформатор бор. Аҳоли хонадонларининг сони меъёрдан ошиб кетгани учун электр энергияси билан етарли даражада таъминлашда унинг қуввати етмаяпти. Қишлоқ аҳлининг бир қисми пул йиғиб ўз ҳисобидан сотиб олинган ёғочлардан қўлбола симёғоч тайёрлаб, икки километр узоқликдаги мактаб трансформаторига уланган. Аммо унинг ҳам қуввати паст. Шунингдек, қўлбола симёғочлар ҳам омонат турибди.
«Самарқанд вилояти Иштихон тумани «Ҳумо» маҳалла фуқаролар йиғини таркибидаги Чайжаул қишлоғи фуқаролари номидан мурожаат қиляпмиз. Аҳоли хонадонлари кўп бўлса-да, қишлоққа бир дона трансформатор қўйилган. Унинг қуввати барчага етмайди. Шу сабабли, ўз ҳисобимиздан симёғоч тайёрлаб, 2 километр узоқликда жойлашган мактаб трансформаторига уланганмиз. Шунда ҳам электр энергиясининг қуввати камлик қиляпти. Симёғочлар қўлбола бўлганлиги учун хароб аҳволда. Аксарияти чириб бўлган. Фарзандларимиз мактабга борган пайтда ёки кўчага ўйнаб чиққанда хавотирда ўтирамиз. Қувват камлиги сабаб кўпчиликнинг хўжалик техникалари куйиб қолган, бузилган. 2019 йилдан буён бу масалани туман ҳокимининг сайёр қабулларида ҳам бир неча марта кўтардик, аммо, натижа бўлмади. Аҳоли томонидан туман электр тармоқлари корхонасига, туман депутатига ёзма, яна Халқ қабулхонаси, Бош прокуратура, Президент портали, вилоят ҳокими телеграм мессенжерига мурожаат қилганмиз, аммо ҳеч кимни биз дуч келаётган муаммо билан иши йўқ», дейилади мурожаатда.
Қишлоқ аҳлининг билдиришича, уларнинг Президент порталига қилган мурожаатига 2020 йил 15 сентябр куни «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раҳбари У.Жўраев номидан жавоб хати берилган. Унда қишлоқ аҳлининг Шерали Шакаров номидан Президент порталига қилинган мурожаати «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан ўрганиб чиқилгани, Чайжаул қишлоғидаги паст кучланишли электр энергияси таъминотини яхшилаш ишлари Президентнинг 2016 йил 23 ноябрдаги ПҚ 2661-сонли «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги қарорига асосан 2020 йил сентябр ойида амалга ошириши маълум қилинган. Аммо мурожаатда ёзилишича, сентябрда ҳам, ундан кейин ҳам ҳеч бир иш қилинмаган.

Мурожаат юзасидан изоҳ олиш учун аввал Иштихон туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Сардор Ортиқов билан боғландик. У Чайжаул қишлоғи аҳолиси дуч келаётган муаммодан хабардорлигини билдирди. Унинг айтишича, режага кўра Чайжаул қишлоғида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни 2020 йилда юз берган пандемия сабабли амалга оширишнинг иложи бўлмаган.









