13:31 / 11.01.2021
7706

Барча ҳокимларнинг молия-иқтисодиёт бўйича ўринбосарлари Тошкентдаги ўқишга жалб этилган

17 кун давомида бошқарув органи вакилларининг билим ва кўникмалари оширилади. Аввалроқ, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 12 нафар ҳоким ўринбосари аттестация синовидан ўтолмагани, 40га яқини эса ўз лавозимида шартли равишда қолдирилганини маълум қилганди.

Жорий йилнинг 11- 27 январ кунлари Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида Қорақалпоғистон вазирлар кенгаши раисининг, вилоятлар ва барча туман (шаҳар) ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари учун ўқув семинар-тренинг ташкил этилади.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тренинг дастуридан президент мурожаатномасидаги асосий иқтисодий ривожланиш йўналишлари, камбағалликни қисқартиришда халқаро тажрибани ўрганиш, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва ишсизликни камайтириш масалалари ўрин олган.

Шунингдек, аҳолини касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш, бандликни таъминлаш, тадбиркорлар билан ижро ҳокимияти ўртасидаги муаммолар, хусусийлаштириш ҳамда бўш турган бино-иншоотлар ва ер майдонларини тадбиркорларга белгиланган тартибда тақдим этиш каби мавзулар ўрганилади. Кадастр, солиқ, божхона, давлат харидлари тизимлари ва бошқа масалаларда муҳокама ва маърузалар ташкил этилади.

Дарсларни вазирлик ва идоралар, Европа тараққиёт ва тикланиш банки, БМТ Тараққиёт дастури экспертлари, хорижий ва маҳаллий мутахассислар ҳамда малакали профессор-ўқитувчилар олиб боришади.

Аввалроқ, Бош вазир ўринбосари — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ҳоким ўринбосарлари малакасини ошириш бўйича ўқув ташкил қилиниши, ўрганишларда уларнинг 12 нафари қўйилган талабга жавоб бермагани, 40га яқини эса ўз лавозимида шартли равишда қолдирилгани ҳақида гапирган эди.

Top