Жамият | 14:50 / 11.01.2021
18386
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда газ ва свет йўқлигидан халқаро автойўл тўсилди. Аҳоли мурожаатини ўрганиш учун комиссия тузилган

11 январ куни ижтимоий тармоқларда М39 Тошкент – Термиз халқаро автомобил йўлининг Жиззах вилояти Пахтакор тумани «Навбаҳор» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисми бир гуруҳ фуқаролар томонидан тўсиб қўйилгани акс этган видеотасвирлар тарқалди.

Тасвирлардан англашиладики, мазкур ҳолатга аҳолига оқма газ ва электр энергиясининг аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, ўз вақтида етказиб берилмаётгани сабаб бўлган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ушбу ҳолатни бартараф этиш учун вилоят ҳокими ўринбосарлари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари зудлик билан воқеа жойига етиб боришган. Ҳозир аҳоли мурожаатлари тингланиб, автомобиллар учун йўлнинг қатнов қисмидаги ҳаракат қайта тикланган.

Шунингдек, мурожаатда акс этган камчиликларни тўлиқ бартараф этиш учун вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бошчилигида комиссия тузилган.

Вилоят газ таъминоти корхонаси ахборот хизматининг Kun.uz мухбирига берган дастлабки маълумотларига кўра, «Навбаҳор» МФЙ 5 йил олдин Шароф Рашидов тумани ҳокимининг тегишли қарори билан табиий газ таъминотидан узиб қўйилган.

Бунга сабаб — «Навбаҳор» МФЙ вилоятнинг Пахтакор тумани ҳудудида жойлашган бўлишига қарамасдан Шароф Рашидов тумани газ таъминоти корхонаси орқали оқма газ билан таъминлаб келингани ва сўнгги нуқта бўлгани сабаб, газ босими тушиб кетгани кўрсатилган. Аммо аҳоли ўтган даврда тўлиқ суюлтирилган газ таъминоти билан таъминлаб келинган.

Ҳозирда вилоят ва туман газ таъминоти корхоналари ходимлари воқеа жойида фаолият олиб боришмоқда. Тузилган ишчи гуруҳ томонидан маҳалла фуқаролар йиғинини ҳудудини бир ҳафта ичида оқма газ таъминотига қайта улаш чоралари кўрилади.

Воқеа юзасидан тез орада расмий муносабат берилиши ҳам маълум қилинди.

Мавзуга оид